/ / / ТУМАН ҲОКИМИ Ш. Ш. НАБИЕВНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИКНОМАСИ
Расмий табриклар / Фукароларга

ТУМАН ҲОКИМИ Ш. Ш. НАБИЕВНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИКНОМАСИ

Расмий табриклар / Фукароларга
baxriddin
23

Қадрли тумандошлар!

Ҳурматли отахон ва онахонлар!

Азиз тенгдошлар ва меҳрибон фарзандларимиз!

Аввало барчангизни кириб келаётган янги – 2020 йил билан чин қалбимдан, самимий муборакбод этаман.

Она Ўзбекистонимиз мустақилликка эришгандан кейин ўтган ҳар бир йилимиз мамлакатимиз тарихи солномаларида янги саҳифалар очаётганига гувоҳмиз. Бу жараён йил сайин янада ёруғ кунларни олиб келмоқда. Айниқса, кейинги уч йилда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарликларида мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган беқиёс ислоҳотлар, шаҳар-у қишлоқлардаги бунёдкорлик ҳамда ободончилик ишлари, яқин қўшни ва узоқ мамлакатлар билан жорий этилаётган дўстона муносабатлар ҳар биримизга фахр-ифтихор бағишлаяпти.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўтказилаётган ислоҳотлар халқимиз онг-у шуурини ўзгартирмоқда, ҳаётчан бўлишга ундамоқда. Шу йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларига бўлиб ўтган сайловларда тумандошларимизнинг иштироки ҳам уларнинг фаоллиги нақадар ошганлигидан далолат беради.

Биз учун қувончлиси яна шундаки, Республика ҳукуматининг қарори билан эълон қилинган "Намунали туман" дастури асосида туманимизда ҳозиргача жами 281 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди. Худди шунингдек, "Обод марказ" дастури асосида 250 миллиард сўмлик; Шейхон, Ғойибон, Кулолон маҳаллаларида "Обод қишлоқ" дастури асосида 139 миллиард сўмлик юмушлар бажарилди. Натижада йил давомида туман бўйича болажонларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 2018 йилги 16,5 фоиздан бу йил 52,5 фоизга етди. 4162 ўринли умумий ўрта таълим мактаблари реконструкция қилинди ва мукаммал таъмирланди. 164 оила янги уй-жойларга эга бўлди. Янги йўллар бунёд этилди. Туман аҳолисига электр энергияси, табиий газ таъминоти, шунингдек, хизматлар кўрсатиш даражаси ошди.

Қизилтепа шаҳри ва кўплаб қишлоқларимиз беқиёс чирой очди.

Маълумки, мустақиллик шарофати билан хусусий мулк дахлсизлиги таъминланди ва тадбиркорликни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилмоқда. Туманимизда ҳам хусусий мулк ва тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратилаётганидан 2018 йилга нисбатан 2019 йилда тадбиркорлик субъектлари 1242 тадан 1838 тага етди. Жумладан, саноатда 198 тадан 295 тага, қурилишда 145 тадан 198 тага, савдода 232 тадан 715 тага кўпайди.

"Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури туманимизда ҳам кенг қулоч ёйди. Ҳозирги вақтда аксарият оилаларда имтиёзли кредитлар олиб, ўз бизнеси ёки хусусий тадбиркорликни йўлга қўйиш авж олмоқда. Барча банклар томонидан шу мақсадда 2018 йилда 14,8 миллиард сўм кредит ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 57,3 миллиард сўмга етди.

Туманимизда ҳам чет эл инвестицияларини киритишга алоҳида эътибор берилмоқда. 2019 йилда 14,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги чет эл инвестицияси киритилди. Маҳсулотни экспорт қилиш 2018 йилги 8,2 миллион АҚШ долларидан бу йил 20,7 миллион АҚШ долларидан ошди.

Мен яқинда тадбиркорларимизга: "Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз", – дея мурожаат қилгандим. Сиз, азиз тумандошларимни яна бир марта мурожаатимга қўшилиш, ривожланишимиз истиқболи бўлган тадбиркорлик фаолиятига жидду жаҳдбилан киришишга чақираман.

Йилимизнинг муваффақиятли якунланишида 59504 тоннадан ортиқ буғдой етиштириб, жуда мураккаб об-ҳаво шароитларига қарамай, 23180 тонна "оқ олтин" тайёрлаган, "кумуш тола" хирмонини 273,2 тоннага етказган, эл дастурхонига 18320 тонна мева, 8120 тонна узум, шунингдек кўплаб гўшт, сут, тухум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берган агросаноат тизими ходимларининг ҳиссаси катта бўлди. Қишлоқ хўжалигидан жами 600 миллиард сўм даромад олишга эришган бу соҳа заҳматкашларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Туманимиз равнақида кўп сонли зиёлиларимиз меҳнати алоҳида эканлигини ҳам таъкидламоқчиман. Улар ёш авлодни тарбиялаш, халқ саломатлигини яхшилаш, маънавий-маърифий ишларни ташкиллаштиришда алоҳида ўрнак кўрсатмоқдалар, туманимиз обрў-эътиборини оширишда даъваткор сўзлари билан ёрдам бермоқдалар.

Қизилтепамизнинг янги йил ва ундан кейинги тараққиёт йўли ҳар доимгидек бизларнинг ҳамфикр ва якдил бўлиб, она Ватанимиз қудрати йўлида астойдил меҳнат қилишимизга боғлиқ.

Қадрли тумандошлар!

Кириб келаётган Янги йил билан яна бир марта қутлар эканман, Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахтиёрлик, тинчлик, хотиржамлик, бошлаган барча хайрли ишларингизга омадлар тилайман.

Парвардигор барчамизга ҳамиша мададкор бўлсин!


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

ТУМАН ҲОКИМИ Ш. Ш. НАБИЕВНИНГ НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИКНОМАСИ

ТУМАН ҲОКИМИ Ш. Ш. НАБИЕВНИНГ НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ

Расмий табриклар / Фукароларга мар 21, 2019
ТУМАН ҲОКИМИ Ш. Ш. НАБИЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 28 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ  ТАБРИКНОМАСИ

ТУМАН ҲОКИМИ Ш. Ш. НАБИЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

Расмий табриклар сен 01, 2019
ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ!

ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ!

Расмий табриклар дек 25, 2014