17.01.2024
Ғурури баланд, ор-номусли, эл ишига дахлдорлик ҳисси устун бўлган ҳурматли маҳалладошлар!
Маҳалламиз ободлиги, кўчаларимиз кўрки, хонадонларимиз файзини ошириш, унда жамоатчилик иштирокини таъминлаш бўйича кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётган айни даврни руҳан поклик, маънан етуклик, фикран янгиланишга интилиш даври деб таърифлаш мумкин.
Чунки, шу кеча-кундузда маҳалламизда муҳтарам Президентимиз яратиб берган шароитлар ва бевосита вилоятимиз ҳокимининг ёрдами билан амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларидан барчангиз хабардорсиз.
Айни пайтда, электр тармоқларини таъмирлаш, маҳалла биносини бунёд этиш, йўлларни шағаллаштириш, асфальтлаштириш, пиёдалар йўлаги қуриш, тунги замонавий ёриткич чироқларини ўрнатиш, умумтаълим мактаби ва савдо дўконларида бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Буларнинг бари пойтахтимиздан келган ишчи гуруҳи аъзолари, вилоятимиз ва туманимиздаги масъул ташкилотлар, сизу-бизнинг
бир ёқадан бош чиқариб ишлаётганимизнинг самараси ҳисобланади.
Қадрли юртдошлар!
Маҳалламизда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий қилиш, маҳалламизни ҳар жабҳада энг намунавий, обод, гўзал ҳудудга айлантиришга ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг ҳам маънавий, ҳам инсоний бурчимиздир.
Аммо, айрим кўчаларда баъзи маҳалладошларимизнинг боқимандалик кайфиятига тушиб қолаётганлиги, ташриф буюрган меҳмонларга нисбатан қўпол муомалада ҳамда ўз хонадонини обод қилишга эътиборсиз муносабатда бўлаётганликлари каби халқимизнинг минг йиллик қадриятларига, ота-боболаримиздан қолган анъаналарга хос бўлмаган салбий иллатлар биз нуронийларнинг дилини оғритмоқда.
Боқимандалик кайфиятига тушиб қолиш маҳалламизнинг меҳнатсевар аҳолисига ярашмайди, буни кўриб улғайиб келаётган фарзандларимизнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади ҳамда "Ободлик хонадондан бошланади", "Ободлик кўнгилдан бошланади", деган ҳаётий ҳақиқатни рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилади.
Азиз кўчабошилар ва оила бошлиқлари, кўпни кўрган нуроний отахон ва онахонлар!
Шуни унутмайликки, фаровон турмуш тарзини четдан келиб бизга ҳеч ким яратиб бермайди. Уни ўзимиз, ўз меҳнатимиз натижасида бунёд этсак, аниқроқ айтганда, ҳар биримиз ўз маҳалламиз, кўча ва хонадонларимизнинг саранжом ва файзли бўлиши учун ҳиссамизни қўшсаккина, бу гўшалар чинакам обод масканларга айланади.
Эрта саҳарда туриб, хонадонларимизни ободонлаштириш, томорқаларимизни тозалаш, тандирхона, молхона ва ҳожатхоналаримизни обод қилиш, кўча-ҳовлиларимизни супуриб-сидириш, ён-атрофга сув сепиш, турли гуллар экиш қайси хонадонга чирой бағишламайди, дейсиз.
Бу борада хонадон соҳибларига маслаҳатлар бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш, яратувчанлик ғояларига ундаш биз – маҳалла фаоллари, кўпни кўрган нуроний оқсоқолларнинг, ҳожи оналарнинг, оқила аёлларнинг энг муҳим вазифамиздир.
Шу боисдан, ўз маҳалладошларимизга обод хонадон, обод кўча қандай бўлиши кераклиги ҳақида имкон қадар кўпроқ ва кенгроқ маълумот берайлик! Бу йўлда аввало, ўз хонадонларимизни обод қилиш борасида олиб бораётган амалий ишларимиз, ибратли ташаббусларимиз, чинакам жонкуярлигимиз билан намуна бўлайлик!
Ўз ҳудудимиздаги ҳар бир оилада маиший маданиятни, турмуш маданиятини, хонадонларимизни обод ҳамда кўркам қилиш, ёрдамчи хўжалик биноларини қуриш, таъмирлаш, сақлаш қоидаларини, томорқа маданиятини ривожлантириш каби эзгу ишларни кенг тарғиб этайлик!
Қадрли маҳалладошлар!
Муқаддас Ислом динида ҳам инсоннинг вужуди, кийими, хонадони, атроф-муҳит поклиги масалаларига катта аҳамият берилган.
Бинобарин, жонажон Ватанимизга, маҳалламизга фақат ва фақат обод масканлар – кўркам ва гўзал кўчалар, файзли хонадонлар ярашади.
Ҳозирги бунёдкорлик ишлари кўп жиҳатдан маҳалламиз аҳлининг янада жипслашиб, аҳил ва бирдам бўлиб ҳаракат қилишга ундамоқда.
Шу маънода, ҳар бир кўчани ва хонадонни ободонлаштириш, хонадон ва томорқа маданиятини ривожлантириш, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий қилиш ишларига ўз ҳиссамизни қўшайлик!
Унутмаслигимиз лозимки, ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч бўлади, фарзандларимиз тарбиясига, ёшларимиз маънавиятини юксалтиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Сизларни бу эзгу ишларда шижоат кўрсатишга, муътабар инсонларга муносиб фарзанд эканликларингизни исботлашга чақирамиз.
Сулаймон Турсунов, Ихтиёр Муҳаммедов, Иззат Маҳмудова,
Гулсара Ахророва, Бибиражаб Сафарова, Нарзулло Муродов,
Рустам Латипов, Дилбар Исматова, Негмурод Йўлдошев,
Шерали Шеров, Амриддин Латипов