/ / Халқ депутатлари туман Кенгашининг 25 сессияси қарори
Махаллий кенгаш / Меъёрий хужжатлар

Халқ депутатлари туман Кенгашининг 25 сессияси қарори

Махаллий кенгаш / Меъёрий хужжатлар
rustamjon
552
Халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгаши туман ҳокими Ш.Ш.Набиевнинг ҳисоботини тинглаб ва муҳоқама этиб шуни қайд этадики, туман ҳокими томонидан ўтган йилда туманда ижтимоий-иқтисодий соҳани ривожлантиришда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида 2016 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим устувор йўналишлари асосида ишлар ташкил этилган ҳамда олиб борилган. 
Туманни бошқаришнинг амалиётда синалган иш услублари давом эттирилганлиги ва янги замонавий услублар жорий этилганлиги иш натижаларига ижобий таъсир кўрсатди. Бошқарув фаолиятига сиёсий партиялар, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар вакилларининг кенг жалб этилганлиги ҳокимлик фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш билан бирга фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда муҳим омил бўлди. 
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти 
Ш.М.Мирзиёев раҳнамолигида кенг кўламли ислоҳотлар собитқадамлик билан босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.
Ўтган 2016 йилда туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 406 млрд сўмга ёки 115,6 фоизга, ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 284,7 млрд сўмга ёки 114,6 фоизга, халқ истеъмол моллари 264,8 сўмга ёки 117,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 487,5 млрд сўмга ёки 107,6 фоизга, қурилиш ишлари 194,7 млрд сўмга ёки 108,2 фоизга, чакана савдо айланмаси 490,7 млрд сўмга ёки 119,6 фоизга, асосий капиталга киритилган инвестициялар 69,7 млрд ёки 113,1 фоизга ва жами хизматлар ҳажми 225,4 млрд сўмга ёки 116,3 фоизга ошиши таъминланди.
Туманда фаол инвестиция сиёсатини амалга оширилиши ҳисобидан саноат тармоқларини, йўл-транспорт ва комуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича 582 та лойиҳалар ишга туширилди.
Жумладан, саноат дастури ижроси натижасида умумий қиймати 18 млрд. 661 млн сўмлик 40 та лойиҳалар амалга оширилиб, 855 та янги иш ўринлари яратилди ва 20,0 млрд.сўм қўшимча саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилди. 
Шунингдек, 2016 йилда қишлоқ хўжалиги йўналишида жами 227 та лойиҳа шу жумладан қорамолчилик йўналишида 51 та лойиҳа, паррандачилик йўналишида 14 та лойиҳа, балиқчилик йўналишида 27 та лойиҳа ва асаларичилик йўналишида 55 лойиҳалар ишга туширилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 25 млрд 302 млн.сўм, шу жумладан 17 млрд 230 млн.сўм банк кредитлари ва 8 млрд 72 млн.сўм лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари сарфланди.
Бундан ташқари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида лойиҳа қиймати 9 млрд 876 млн.сўм бўлган 107 та шахобча ишга туширилди ва улар ҳисобидан 304 та янги иш ўринлари яратилди.
Туман бўйича солиқ ва бошқа тўловлар режаси 61 млрд 682 млн.сўм миқдорида белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 62 млрд 67 млн. сўмга ёки 100,6 фоизга ортиғи билан бажарилди. 
Туман маҳаллий бюджетининг 2016 йил харажатлар қисми 83 млрд. 281,9 млн.сўм миқдорида белгиланган бўлиб ҳақиқатда 83 млрд 367,3 млн.сўмга ёки 100,1 фоизга бажарилди.
Туман маҳаллий бюджетининг юқори бюджетдан олинадиган субвенция миқдори 8.8 млрд. сўмни ёки улуши 11.3 фоизни ташкил этиши белгиланиб, туманда янги ташкил этилган 211 та корхоналар томонидан давлат бюджетига қўшимча маблағ туширилиши ҳисобига туман маҳаллий бюджети 2016 йил якуни билан субвенциядан чиқарилди.
Шунингдек, Республика "Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағи ҳисобидан 400 млн.сўм эвазига тумандаги кўп қаватли уй-жойларнинг 2,8 км ички йўл ва йўлаклари ҳамда Республика йўл жамғармаси ҳисобидан 600 млн.сўм эвазига 1,9 км ички йўллар таъмирланди.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари замонавий бинолар билан таъминлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган бўлиб, жорий йилда 4 та Ғамхўр, Ўртақўрғон, Тожикон ҳамда Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинларига замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.
2016 йилда тумандаги фермер хўжаликлари томонидан пахта етиштириш режаси 25157 тонна белгиланган бўлиб 26748 тоннага ёки 106,3 фоизга бажарилди. Ғалла етиштириш режаси  22938 тонна белгиланган бўлиб 25179 тоннага ёки 109,7 фоизга бажарилди.
2016 йил давомида 728,5 минг.долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари ва саноат маҳсулотлари экспорт қилинди. Натижада 2015 йилга нисбатан 4,2 баробар ортиқ маҳсулот экспорт қилинди ва 4 турдаги янги махсулотларнинг экспорти йўлга қўйилди. 
Туманда 2016 йилда бюджет маблағларининг 13 млрд 600 млн.сўм ҳисобига 6 та ижтимоий соҳа объектлари қуриб фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, 3 та Айрончи, Дехқонобод ва Кенагаз қишлоқ врачлик пунктлари 1 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига капитал таъмирланди.
2016 йилда туманда Бандлик дастурига асосан  6037 та янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, саноат салоҳиятини ошириш, хизмат ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича 210 та лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида 1289 та янги иш ўринлари яратилди.
Туман бўйича 2015-2016 ўқув йилида тумандаги 6 та касб-ҳунар коллежларини 38 та йўналиш бўйича 1762 нафар ўқувчилар битириб, 648 та ташкилот, корхона ва муассасалар билан тўрт томонлама шартномалари тузилди. 
Шунингдек, 450 та квоталанган иш ўринлари барпо этилиши бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланиб, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлашга йўналтирилди.
Бундан ташқари, тумандаги коллежлар битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича ҳар бир коллежга алоҳида банк беркитилиб, жами 189 нафар битирувчига 3 млрд 679,8 млн сўмлик кредитлар ажратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги "Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги 2487-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида 11 бўлим, 93 банддан иборат туман Дастури тасдиқланиб, Дастурни амалга оширишда режалаштирилган  34 млрд 677 млн 400 минг сўм ўрнига 36 млрд 334 млн сўм маблағлар сарфланиб, дастур ижроси 105 фоизга бажарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан белгилаб берилган 2017 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор йўналишлари туман миқёсида тўлиқ ва сифатли бажарилади ҳамда йил давомида амалга оширилиши таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 103-моддаси ва "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 251-моддасига асосланиб ҳамда доимий комиссияларнинг хулосалари ва партия депутатлик гуруҳлари томонидан билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазаларни инобатга олиб, халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгаши 
 
Қ А Р О Р  Қ И Л А Д И:
 
1. Қизилтепа тумани ҳокимининг 2016 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва жорий йил учун туманнинг иқтисодий ва ижтимоий дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш юзасидан ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қизилтепа тумани ҳокимининг 2016 йилдаги фаолияти қониқарли деб ҳисоблансин.
3. Туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли туман ташкилотлари ва корхоналари билан биргаликда:
туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича мақсадли дастурларини қабул қилиш тажрибасини давом эттириш ва унда белгиланган тадбирларнинг ижросини тўлиқ таъминлашга эришиш;
Давлат дастурларида белгиланган тегишли тадбирлар бажарилишини таъминлаш бўйича 2017 йил учун жорий этилган иш услубларини янада такомиллаштириш;
асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, экспорт, молия, пул-кредит параметрлари ва инфляция даражаси прогноз кўрсаткичлари, янги иш ўринларини яратишнинг мақсадли кўрсаткичларининг бажарилишига эришиш;
туманга чет эл инвестициясини киритиш бўйича хорижий фирма ва корхоналар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвесторларни жалб этиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишда маҳаллий хом-ашё базаси имкониятларини ҳисобга олиш, маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мавжуд қўшма корхоналарнинг бир маромда ишлашига кўмаклашиш;
иқтисодий ночор ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш  тадбирларини амалга ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича ҳукумат топшириқлари ижросини таъминлаш;
коммунал хўжалик тизимида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳоли қарздорлигини бир ойлик истеъмол даражасига келтириш, коммунал хизматларни ҳисоб-китоб қилишда қаттиқ тартиб ўрнатилишини таъминлаш, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида фуқароларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилишларига кўмаклашиш бўйича 2016 йилда бошланган тизимли ишларни давом эттириш;
қишлоқ аҳолиси учун замонавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилиши ишларини белгиланган муддатларда таъминлаш;
маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, миллий манфаатларимизга зид ёт ғояларга қарши таъсирчан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ва бунда ижодкорлар, зиёлилар ҳамда кенг жамоатчиликни жалб этиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан биргаликда туманда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ва уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун тезкор профилактик ишларни жонлантириш ва аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш вазифалари топширилсин. 
4. Туман ҳокимининг ўринбосари Н.Ҳайитов:
тумандаги барча тижорат банклари билан биргаликда тадбиркорлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзли кредитлар ажратиш;
туман халқ таълими муассасаларини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, касб-ҳунар коллежлари ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини ва билим сифатини янада ошириш, таълим тизимидаги ислоҳотларни мувофиқлаштиришдаги аҳамиятини ошириш;
тегишли ташкилотлар билан биргаликда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўзлари эгаллаган мутахассислик бўйича ишга жойлаштириш, уларнинг ўқув амалиётларини ўташлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш вазифалари топширилсин.
5. Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари С.Саттаров:
ахборот-коммуникация технологиялари тизимидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳамда ҳар бир корхона ва ташкилотларда замонавий дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимларини жорий этиш, ахборот технологиялари ва коммуникациялари инфратузилмасини ривожлантириш;
туманни ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг прогноз параметрларини сўзсиз бажариш мақсадида 
ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини ўз муддатларда ишга тушириш;
2017 йилга мўлжалланган объектларни ишга тушириш, давом этадиган инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини зарур ҳажмларда белгиланган муддатларда амалга оширишни таъминласин.
6. Туман ҳокими ўринбосари Н.Ҳайитов, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Ҳ.Фармоновлар тегишли ташкилотлар билан биргаликда:
2017 йилда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурий тадбирларни сифатли амалга ошириш; 
мавжуд боғ ва токзорлардан самарали фойдаланиш, янги интенсив боғларни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш тизимини яратиш бўйича Ҳукумат топшириқлари ижросини таъминлаш;
туман аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида чорвачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчиликни янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар бажарилишини таъминласин.
7. Туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли туман ташкилот, корхона раҳбарларига:
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб, қонуний хал этишни таъминлаш, камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик, мурожаатларни кўриб чиқилишида талабчанликни кучайтириш, жисмоний ва юридик шахсларни шахсан қабул қилиш масаласига жиддий эътибор қаратиш;
мурожаатларни кўпайишига сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва мурожаатларни кўриб чиқиш амалиётини йиғилишларда муҳокама қилиб бориш;
2017 йил "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан аҳоли билан бевосита мулоқотларни йўлга қўйиш, одамларнинг дардини тинглаш ва ҳал этиш, одамларнинг давлат органларига бўлган ишончини ошириш чораларини кўриб боришни таъминласин.
8. "Қизилтепа тонги” газетаси тахририяти давлат унитар корхонаси (Р.Мақсудов) ҳамда туман ҳокимлиги Девонхона мудири (Б.Ҳамроев)га "Қизилтепа тонги” газетасида ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
9. "Қизилтепа тонги” газетаси тахририяти давлат унитар корхонаси (Р.Мақсудов) ҳамда туман ҳокимлиги Девонхона мудири (Б.Ҳамроев)га ушбу қарорни "Қизилтепа тонги” газетасида расман эълон қилинишини ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлаш вазифаси топширилсин.
10. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий комиссияси (У.Раҳмонов) зиммасига юклатилсин.
 
 Сессия раиси Ў.Сайфиев
 №25/90, 28.01.2017 йил 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

Қизилтепа тумани ҳокими Ш.Ш.Набиевнинг 2016 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари юзасидан ҳисоботи

Қизилтепа тумани ҳокими Ш.Ш.Набиевнинг 2016

Махаллий кенгаш / Хисоботлар фев 01, 2017
2014 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари

2014 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш

Хисоботлар фев 02, 2015
Халқ депутатлари туман Кенгашининг XXXI-сессияси бўлиб ўтди

Халқ депутатлари туман Кенгашининг XXXI-сессияси

Махаллий кенгаш / Местный совет депутатов дек 14, 2014