/ / / БОБОДЕҲҚОННИНГ КУЗГИ ЮМУШЛАРИ
Маколалар / Фукароларга

БОБОДЕҲҚОННИНГ КУЗГИ ЮМУШЛАРИ

Маколалар / Фукароларга
Matbuot kotibi
1
122
БОБОДЕҲҚОННИНГ КУЗГИ ЮМУШЛАРИ

1. ОЛМА

Бобокалонимиз Абу Али ибн Сино олманинг шифобахш хусусиятлари ҳақида шундай ёзиб қолдирган. "Хушбўй, ширин ва нордон олмалар юракни қувватли қилади. Хамирнинг ичида пиширилгани иштаҳани очади ва гижжаларни тушириб, ич кетишига фойда қилади. Талқони меъдани қувватли қилади ва қусишни тўхтатади. Камқонликка даво".

Олма экмоқчи бўлганлар, иқлимимизга мос маҳаллий ва маданийлаштирилган навлардан эртапишар шакарак, Жавпазак, Ҳожи хони, Қизил шакарак; кузги навлардан Семеренко, Делишес, Гольден кабиларни экишгани маъқул.

ОЛМА КЎЧАТЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ

Кўчатлар асосан уруғидан экиб, етиштирилади. Қаламча-сидан ўсадиган ёввойи "Антипка" нави ҳам бор.

Олманинг асл навлари пайвандлаб кўпайтирилади. Бунинг учун бир йиллик олма кўчатлари куртак, нойча ва ёрма пайванд қилинади. Пайвандланган олма кўчатлари 3-4 йилда ҳосил бера бошлайди. Олманинг эртапишар навларига шакл бериш шарт эмас. Кечпишар навлари шакл бериб ёшартирилади. Шакл бериш ақраб ва ҳут ойларида ўтказилгани маъқул.

ОЛМА ДАРАХТЛАРИНИ ОЗИҚЛАНТИРИШ

Мевалари териб олингандан сўнг олма дарахти албатта, озиқлантирилиши керак.

Дарахтларга шакл берилгандан сўнг, ҳар бир дарахт ҳисобига, ёшига қараб 0,5-1,5 килограммгача аммофос, 5-10 кг. кул, 20-30 кг.гача чиритилган мол гўнги берилади. Озиқлантирилгандан сўнг ости ағдарилиб, қишки сувга тайёрлаб қўйилади.

Барглари тўкилиб, шакл берилган дарахтлар ҳут ойида 10 литр сувга 300 гр. мис купароси ва 1 килограмм сўндирилган оҳак аралашмаси билан ювилади ёки 1 дизел ёнилғиси ёки бензинга 20-30 миллилитр ишлатилган мошина мойи эритилиб, дарахтлар танасининг барча қисми бўяб чиқилади.

2. НОК

Мева таркибидаги кислоталар нокка ўзига хос хушбўй ҳид бериб, овқат ҳазм қилиш жараёнини тезлаштиради, моддалар алмашинувини яхшилайди, буйрак, жигар, ошқозон ва бошқа органларнинг иш фаолиятини ошириб, танадаги заҳарларни чиқаришга ёрдамлашади.

АГРОТЕХНИКАСИ

Нок иссиқсевар бўлиб, қуёш нурлари, шамол ва сувни ёқтиради. Томорқада 4х4 метр оралиқда экиш керак. Нокнинг эртапишар, ўртапишар ва кечки навлари бўлиб, барчаси пайвандланиб ўстирилади. Бизнинг иқлим шароитимизда нок дарахтларига шакл бериш талаб этилмайди. Кечпишар нок меваларини мезон ойи охирларида териб олиб, қоғоз қутиларга солиб, намлиги ўртача, ҳавоси алмашиниб турадиган хоналарда узоқ сақлаш мумкин.

КЎЧАТ ТАЙЁРЛАШ

Мева ичидаги уруғи, олмамурут уруғлари ва ёввойи нок уруғлари экилади, тайёр бўлган хомаки кўчатларга исталган асл навли ноклар пайвандланади. Пайвандланган кўчатлар иккинчи, учинчи йилдан ҳосилга киради.

3. БЕҲИ

Таркибида қанд, фруктоза, кислоталар, дармондорилар, пектин ва турли маъданлар бўлган беҳи меваси шаклига қараб олмасимон сариқ ва ноксимон яшилтоб навларга бўлинади.

Ҳар иккала нав ҳам асл нав ҳисобланиб, пайвандлаб кўпайтирилади.

КЎЧАТ ТАЙЁРЛАШ

Ҳут ойида беҳи мевалари ичидаги уруғлар 3-4 кун ивитилиб, нишлатилади ва тайёрланган ерга экилади. Униб чиққан кўчатлар 8-10 см. оралиғида ягоналанади. Яхши парваришланган кўчатлар август-сентябрь ойларида куртак пайванд усулида пайвандлаб қўйилади.

АГРОТЕХНИКАСИ

Беҳи иссиқсевар бўлиб, қуёш нурларини ва серсув ерларни ёқтиради. Жазирамага ҳам чидамли. Меваси кеч пишади. Беҳи қуртларига қарши курашишда олма ва нок каби табиий чора-тадбирларни қўлласа бўлади. Кўчатлар кузда экилса, яхши самара беради.

4. ХУРМО

Айни кунларда бозор растала-рида сероб бўлган хурмо меваси дармондори ва минераллар хазинасидир. Антиоксидантлар, дармондорилар, пектин ва минералларга бой бўлган ушбу мева антисептик таъсир кучига эга. Яллиғланишларга, бактерияларга қарши курашади. Таркибида темир, калий, мис, марганец, йод моддалари мавжудлиги сабаб юрак қон-томир ҳамда буйрак-тош касалликларида фойда қилади.

АГРОТЕХНИКАСИ

Иссиқсевар, совуққа чидамсиз, соя жойда ҳосили кам бў-лади ёки ҳосил бермайди. Сувли ерни, шамолни, яккабуталикни ёқтиради. Бизнинг иқлимда хурмо дарахти танасидан бошлаб, шохларининг ярмисигача юмшоқ хас-хашаклар билан қалин қилиб ўралиб, қишки совуқлардан асраб қолинади. Хурмо кўчатлари асосан ёввойи ёки хасаки нав хурмо уруғларини ба-ҳорда экиб, пайвандлаб кўпайтирилади.

5. КУЗДА КЎЧАТ ЭКИШ

Халқимиздаги "Ниҳол эксанг, кузда эк, кузда экмасанг ҳутда эк", "Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда" каби сермаъно ҳикматлар кундалик тажрибалар асосида айтилган.

Тажрибалардан аёнки дарахт кўчатлари кузда экилса, баҳорда хатосиз кўкаради ва яхши ўсади.

Бутун наботот олами мезон ойи кириши билан қишда дам олиш учун уйқуга кета бошлайди. Ўсувдан қолган дарахт кўчатларини кўчириб экиш палласи бошланади. Шу сабабли кўчат экишда мезон ойидан бошлаб Ақраб ойи охиригача энг мақбул вақт ҳисобланади. Бизнинг иқлим шароитимизда эса ер музлагунча кўчат экишни давом эттириш мумкин.

Турли сабаблар билан кузда экилмай қолган кўчатлар ҳут ойидан Наврўзгача экилади.

Кўчат экишда Ой ер орқасида бўлишига эътибор бериш муҳим. Шундай пайтда экилган дарахтлар илдизлари серсув бўлиб, баҳорда хатосиз кўкаради, серилдиз, сершох, бўйи паст ва сермева бўлади.

6. ҚАЙСИ ДАРАХТЛАР ҚАЧОН ЭКИЛАДИ?

Данакли ва уруғли дарахтлар, ток кўчатлари, манзарали дарахтлар, атиргул кўчатлари кузда, анор ва анжир кўчатлари совуққа чидамсизлиги сабабли ҳут ва ҳамал ойларида экилгани маъқул.

Зиннатулла ИСОҚОВ,

Ҳусбиддин маҳалласидан.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

ДАРАХТ ВА ТОК КАСАЛЛИКЛАРИГА ҚАРШИ КУРАШДА ҚАНДАЙ ИШЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЛОЗИМ?

ДАРАХТ ВА ТОК КАСАЛЛИКЛАРИГА ҚАРШИ КУРАШДА

Янгиликлар май 17, 2021
ИССИҚХОНАЛАРДА  БУЛҒОР ҚАЛАМПИРИ  ЕТИШТИРИШ

ИССИҚХОНАЛАРДА БУЛҒОР ҚАЛАМПИРИ

Янгиликлар мар 02, 2021
ЛИМОН КЎЧАТИНИ ЭКИШ ВА ПАРВАРИШЛАШ

ЛИМОН КЎЧАТИНИ ЭКИШ ВА ПАРВАРИШЛАШ

Янгиликлар мар 01, 2021