Қизилтепа тумани ҳудуди Ўзбекистоннинг энг қадимги гўшаларидан бири ҳисобланади. Минг йиллар давомида бу ерда ўзбек халқининг аждодлари қишлоқлар ва шаҳарлар бунёд этдилар, ариқлар ва анҳорлар қаздилар, нодир меъморлик иншоотларини барпо этдилар. Бухоро воҳасининг шимолида жойлашган туман ҳудуди бугунги кунда Республикадаги энг навқирон ва ёш Навоий вилояти таркибига киритилганлиги ҳам бежиз эмас.
Гўзал Ўзбекистонимизнинг энг қадимги ҳудудларидан бири бўлган Қизилтепа тумани географик жойлашуви, бой тарихи билан мамлакатимизда ўз ўрнига эга.
Зарафшон дарёсидан обиҳаёт олган анҳорлари сувидан яшнаган далалар, гўзал қишлоқлари, қўй-қўзига тўла бепаён яйловлари, айниқса меҳнаткаш, меҳмондўст, илму-ҳунарли, хайр-саҳоватли одамлари унинг асосий бойлиги бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай.
Буюк Ипак йўлининг Бухоро-Демас-Зарметан-Ванғози-Бўстон ва Бухоро-Ғиждувон-Ғишти-Тошработ орқали ўтиши ҳамда Буюк Хитой деворига ўхшаш Канпирак деворининг асосий қисми Қизилтепа маданий ва чўл ҳудудлари туташган ерларидан ўтганлиги ҳам унинг нақадар аҳамиятга эга бўлганидан бир далолат.
Туманимизда сақланиб қолган қалъа ва қўрғонлар, улуғ аждодларимиз номли билан боғлиқ муқаддас зиёратгоҳлар, зироатчилик ва ҳунармандчилик билан боғлиқ қишлоқлар номлари ҳам унда маданият, илму фан ва ижтимоий ҳаётнинг нақадар юксак даражага кўтарилганидан дарак беради.
Қизилтепа тумани мустақиллик йилларида беқиёс чирой очди. Шаҳар ва қишлоқлар замонавий қиёфа касб эта бошлади. Ҳар бир хонадон электр нури, табиий газ, тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўляпти.
Туман маркази белган Қизилтепа шаҳридан ташқари Тошработу Ванғози, Бўстон ва Зарметан, Ғардиёну Арабон ҳам шаҳар қиёфасини оляпти. Замонавий коллежлар, мактаблар, шифо масканлари, уй-жойлар унинг кўркига кўрк қўшяпти. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуси билан қурилиши бошланғич замонавий намунали уйлар қишлоқ аҳли ҳаётига янгича файз олиб кирди.
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.