18.12.2024
Ҳозирги таҳликали дунёда изчил иқтисодий ўсишни таъминлаш, макроиқтисодий барқарорликка эришиш орқали аҳоли фаравонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш масаласи олдимизда турган энг асосий масала ҳисобланди.
Янги Ўзбекистон сиёсатида иқтисодиёт – инсон манфаати ва унинг фаравонлигини таъминлашга хизмат қилмоғи даркор. Чунки оила фаравонлиги, турмуш даражасининг юқорилиги, дастурхонларимизнинг тўкинлиги ҳаётимизнинг асл мазмунини ташкил қилади.
(Ш.М.Мирзиёев)
Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос. Бир вилоят ичидаги туманларнинг имкониятлари ҳам бир-бирига ўхшамайди. Шу боис ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш масалалари алоҳида, манзилли тарзда муҳокама қилиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари жойларга чиқиб, аҳоли билан гаплашиб, белгиланаётган чора-тадбирларнинг долзарб ва амалий бўлишига катта эътибор қаратмоқда. Дастурлар ишлаб чиқишни ҳар бир қишлоқдан бошлаш, қайси қишлоқда қайси йўналишни ривожлантириш, бунга қанча маблағ ажратиш кераклигини аниқ кўрсатиш талаб этилади. Аҳоли фаравонлигини оширишга қаратилган ушбу ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг турли даражадаги қисқа ва узоқ муддатли манзилли дастурларини ишлаб чиқиш учун зарур бўладиган ишончли ахборот билан таъминлашда аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг аҳамияти жуда катта.
Инсон капитали мамлакат ижтимоий иқтисодий тараққиётини энг муҳим мезони ҳисобланади. Аҳолини рўйхатга олиш натижасида ҳар бир ҳудуд кесимида маълум бир санадаги аҳолининг аниқ сони (ёши ва жинси таркиби, фуқаролиги, миллий таркиби (кенг қамровли), оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, иқтисодий фаол аҳоли, аҳоли бандлиги (касби ва мутахассислиги) ва ишсизлиги, даромад олиш манбалари, аҳоли миграцияси тўғрисидаги ҳақида аниқ маълумотлар шаклланади.
Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш мамлакат фуқароларига ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, мактаб ёшидаги болалар сони ҳақидаги маълумотлар мактаб қуриш бўйича режаларни мувофиқлаштиришга ёрдам беради. Ҳудудлар кесимида қаерда ва қайси соҳада янги иш ўринларига эҳтиёж мавжудлиги, қандай мутахассислар кераклигини билиш учун ишсизлар сони ва уларнинг малака даражасини билиш лозим. Фавқулодда вазиятларда ФВВ ходимлари, шунингдек, шифокорлар аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари асосида зарур ёрдам кўламини белгилайди.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбиркорлик ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Аҳоли сони ва даромади, унинг турар-жойга бўлган эҳтиёжи тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган ҳолда, масалан, маиший техника ишлаб чиқарадиган корхоналар ишлаб чиқариш ҳажмини прогноз қилишлари мумкин, уларни импорт қилувчи компаниялар эса харидларни режалаштиришлари ва зарарни минималлаштиришлари мумкин.
Аҳолини рўйхатга олиш макроиқтисодий кўрсаткичларни келгуси 10−20 йиллик даврга прогноз қилиш учун ҳам зарур. Статистик маълумотлар манзилли дастурларни ишлаб чиқиш, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларга моддий кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга.
Аслида аҳолини рўйхатга олиш жараёни илк бор милоддан аввалги III минг йилликдан бошланган. Дастлаб бу тадбир Осиё ва Африка давлатлари, Миср, қадимги Месопотамия, Ҳиндистон, Хитой ва Японияда ўтказилган. Ушбу жараён давлатларнинг солиқ ва ҳарбий фаолияти ҳамда уларнинг маъмурий тузилмаси вазифалари билан боғлиқ равишда вужудга келган.
Илк ўрта асрларда Англияда (1086 йил), шунингдек, Европанинг бошқа шаҳарларида ҳам (Нюнберг, Страсбург, Цюррих, Флоренция) аҳолини ҳисобга олиш ташкил қилинган. Бунда хўжаликларнинг ёзма китоблар, кадастрлардаги тавсифлари билан уйғунлашган ҳолда одамлар ёки оилалар сони эмас, балки уй-жой каби солиққа тортиш бирликлари биринчи ўринга қўйилган.
XVIII аср ўрталаридан аҳолини ўрганишга қизиқиш ортади. Австрия, Нидерландия, Дания, Испания, Япония, АҚШда одамлар ҳисобини юритишга киришилади. Бироқ бу ҳисоб-китоблар бутун бошли аҳолини қамраб ололмаган.
1665 йилда Янги Франция (Квебек) колониясида аҳолини рўйхатга олиш бўлиб ўтди. АҚШда 1790 йилда тўлиқ аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилди. Ўшанда ўн етти нафар полиция ходими мамлакат бўйлаб саёҳат қилиб, хонадонма-хонадон юриб, олтита саволга жавоб тўплашди: уй эгасининг тўлиқ номи, ўн олти ёш ва ундан катта ёшдаги озод оқ танли эркаклар, ўн олти ёшдан кичик бўлган озод оқ танли эркаклар, озод оқ танли аёллар, бошқа озод шахслар ва қуллар сони.
Ўттиз йил ўтгач, Италия, Испания, Англия, Ирландия, Австрия, Францияда, 1851 йилда Хитойда, кейин Японияда ва ниҳоят Россияда аҳоли рўйхатга олинди. Ўтган асрнинг 70-йилларида Яман, БАА, Саудия Арабистони каби давлатларда биринчи маротаба мазкур тадбир ўтказилди. ХХ асрнинг охирига келиб аҳолини рўйхатга олиш дунёнинг деярли барча давлатларни қамраб олди. Ҳозирда жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатларида аҳоли ўртача ҳар ўн йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1897 йилда амалга оширилган. Шундан сўнг 1926, 1939, 1959, 1970, 1980 йилларда аҳоли рўйхатга олинган. Ушбу тадбир сўнгги бор 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда республикамиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган эди.
Табиийки, аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёши, жинси, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти.
Республикамизда эса охирги марта аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилганига 35 йил бўлди. Бунинг натижасида аҳолининг ҳақиқий ҳаёт тарзини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишда қатор қийинчиликлар вужудга келди.
БМТ 2015 йилнинг 10 июнида “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюциясини қабул қилди. Унга кўра, БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилди. Бугунги кунга келиб, МДҲ давлатларида, шунингдек Ўзбекистонда ҳам бу жараёнга тайёргарлик ишлари бошланди.
2020 йилнинг 16 март куни имзоланган ЎРҚ-611-сонли “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонун аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсади, асосий принциплари, тартиби, даври ва муддатларини белгилаб берган.
Қонунда белгилаб берилганидек, аҳолини рўйхатга олиш - белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни. Бу жараён республика бўйлаб ёки унинг муайян ҳудудларида 10 йилда 1 марта ўтказилади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги таклиф Ҳукумат томонидан Президентга, қоидага кўра, режалаштирилаётган санадан 3 йил олдин киритилади. Умуман, бу тадбирнинг замирида аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ишончли ва холис ахборотни олиш мақсади мужассамдир.
Аҳолини рўйхатга олиш шахсга доир маълумотларни йиғиш амалга ошириладиган саволлар рўйхати белгиланган дастур бўйича ўтказилади, унда қуйидаги саволлар бўлиши шарт: ФИО, туғилган санаси ва жойи, ёши, жинси, миллати, фуқаролиги, яшаш жойи (турган жойи), тилларни билиши, маълумоти, никоҳ ҳолати, болаларининг сони, уй хўжалиги таркиби, уй-жой шароитлари, бандлиги, яшаш учун маблағлар манбалари, миграция (ички ва ташқи). Ҳукумат томонидан дастурга қўшимча равишда бошқа саволлар киритилиши мумкин, бироқ унга киритилганмаган саволларни бериш тақиқланади. Йиғилган барча шахсий маълумотлар махфий ҳисобланади ҳамда респондентнинг розилигисиз уларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йилнинг йилнинг 4 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-114-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га мувофиқ, республикамизда 2025-2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланди.
Бугунги кунда, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (https://regulation.adliya.uz/project) «2026 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, натижаларини таҳлил қилиш ва эълон қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳалари белгиланган тартибда тегишли идоралар билан келишиш учун эълон қилинган.
Лойиҳаларга кўра, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилнинг июль-август ойларида ўтказилиши режалаштирилган.
Аҳолини рўйхатга олиш 2 хил усулда, яъни Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ҳамда рўйхатга олувчи ходимлар томонидан уй-уй юрган ҳолда планшет қурилмалари ёрдамида рўйхатга олиш варағи шаклларини электрон тўлдириш орқали амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.
Аҳолини рўйхатга олишга кўмаклашиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Республика комиссияси ҳамда ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.
2024-2026 йилларда Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан аҳолини рўйхатга олиш учун зарур техник ва дастурий воситалар харид қилинади.
Шунингдек, 2025 йил 1 июлига қадар масъул идораларга аҳоли пунктлари ва кўчалар номлари, уйлар ва ҳовлиларнинг тўлиқ рақамланганлик кўрсаткичларини ўрнатишни якунлаш топшириқлари кўрсатиб ўтилган.
Республика миқёсида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг ходимлари иштирок этади, ҳудудларда ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, материалларни автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш, дастлабки якунларни сарҳисоб қилиш ва натижаларни эълон қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар статистика бўлимлари ходимлари жалб этилади.
Шунингдек, аҳоли рўйхатини ўтказишга тайёргарлик кўриш ёки бунда иштирок этишга рози бўлган тақдирда, фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида, олий ва ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари ва юқори курс талабалари, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳам ушбу жараёнда иштирок этиши мумкин. Улар орасидан рўйхатга олиш участкалари ходимлари, инструкторлар ва рўйхатга олувчиларни танлаб олиш туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан Статистика агентлигининг ҳудудий органлари билан биргаликда шартнома асосида ташкил этилади. Вақтинчалик жалб этиладиган ходимларга исмлари ёзилган нишонлар (гувоҳномалар) берилади. Бунда ходимнинг яшаш жойи текширилаётган аҳоли пунктига қатнаш учун қулай бўлиши керак. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олувчилар учун услубий қўлланмалар ва видео дарсликлар ишлаб чиқилади ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.
Аҳолини рўйхатга олиш яна бир жиҳати билан муҳим. Унинг якунига етказилиши ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйлар рўйхатини тузиш имконини беради. Яна ҳам аниқроқ айтганда, турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаб бўлган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади, яъни республиканинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади. Шу тарзда вужудга келган ягона маълумотлар базаси мамлакатимиз келажаги, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш учун қабул қилинадиган ҳужжатларда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Туман статистика бўлими