21.03.2025
Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар!
Баҳорнинг кўклам нафаси кезаётган ушбу ёқимли кунларида юртимизга янгиланиш, яшариш ва гўзаллик байрами дея ном олган, ҳар биримизнинг кўнглимизга баҳорий илиқликни олиб кираётган, халқимизнинг севимли байрами – Наврўзи олам кириб келди.
Аввало, Сизларни, сизлар орқали барча тумандошларимизни шарқона Янги йилимиз —Наврўз байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Ҳурматли тумандошлар!
Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан жорий йилда Наврўз байрами тадбирлари “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Бу байрам, сўнгги йилларда Ватанимизда амалга оширилаётган «Инсон қадри учун, инсон бахти учун» деган олижаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди десам, асло хато бўлмайди.
Туманимиздаги барча маҳаллаларда ҳам ушбу қадимий байрам юқори кайфиятда, катта тантаналар, хурсандчилик ва уюшқоқлик билан, умумхалқ сайллари тарзида ўтказилмоқда.
Азиз тумандошлар!
Ҳар йили Наврўз айёмини орзиқиб ва ўзгача завқ билан кутамиз.
Чунки, ушбу миллий байрамимиз ўзида халқимизнинг минг йиллар давомида сақланиб келаётган қадимий урф-одатлари, инсонийлик, меҳр оқибат, мурувват, меҳнатсеварлик каби қадриятларни ифода этади.
Ушбу улуғ айёмда беморлар, муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, кўнглини кўтариш, савобли ишларни амалга ошириш каби юксак фазилатлар яхшилик ва эзгуликнинг намунасидир.
Айниқса, жорий йилда бу куннинг барчамиз учун қутлуғ ва фазилатли ой – муқаддас Рамазон ойининг файзли кунларида нишонланаётганида ҳам ўзгача шукуҳ ва маъно бор.
Қадрли тумандошлар!
Баҳор, Наврўз, янгиланиш деганда, кўз олдимизда беихтиёр ерга уруғ қадаётган, кўчат ўтқазаётган бободеҳқон сиймоси ҳам намоён бўлади.
Шу кунларда барчамизнинг кўз ўнгимизда ҳудудларимизда “Яшил макон” умумиллий дастури доирасида янги боғлар ташкил қилинмоқда.
Меҳнаткаш деҳқон ва фермерларимиз эса яхши ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошлашмоқда.
Фидойи фермерларимиз жорий йилда ҳам 70 дан ортиқ янги техникалар харид қилишди ҳамда пахта ва ғаллачилик, пиллачилик, чорвачилик ва бошқа соҳаларда янада юқори натижаларга эришиш учун барча имкониятлардан унумли фойдаланишмоқда.
Шу ўринда, сизлардан ҳам баҳорнинг ушбу кунларида томорқангизга даромадли экинлар экиб, ундан самарали фойдаланиш орқали мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган томорқачиликдаги “долзарб бир ойлик”да ўз ҳиссангизни қўшишингизни сўрайман.
Барчамизнинг ниятимиз, истагимиз бир: йилимиз қишлоқ хўжалигида ҳам қутлуғ келсин!
Далаларимиз, боғу роғларимизда ҳосил мўл бўлсин!
Ҳар бир деҳқон меҳнатидан фойда ва барака топсин!
Халқимиз дастурхони эса тўкин-сочин бўлсин.
Ҳурматли тумандошлар!
Сизларни яна бир бор Наврўзимиз – Шарқона Янги йилимиз билан чин дилдан табриклаб, барчангизга куч-қувват, сиҳат-саломатлик тилайман.
Фасли навбаҳор ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилага тинчлик ва фаровонлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!
Ҳар кунингиз Наврўздек ўтсин!
Наврўзи олам барчангизга муборак бўлсин!