30.12.2024
ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар, дуогўй отахон ва онахонлар, келажагимиз эгалари бўлмиш шижоатли ёшлар!
Аввало барчангизни тобора яқинлашиб келаётган янги – 2025 йил билан чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга янги йилда тинчлик-тотувлик, сиҳат-саломатлик, улкан ғалабалар ва янги марраларни забт этишни тилайман.
Ҳурматли тумандошлар!
Мана шундай шукуҳли дамларда ҳар биримиз тугаб бораётган йилда бажарган ишларимиз, эришган ютуқларимиз, ушалган орзу-умидларимизни сарҳисоб қила туриб, кириб келаётган янги йил учун ҳам режаларимизни тузамиз, мақсадларимизни белгилаб оламиз.
Ҳеч шубҳасиз, 2024 йил мамлакатимиз учун бўлгани каби туманимиз учун ҳам кўплаб йўналишларда ютуқларга бой йиллардан бири бўлди.
Жорий йилда туманимизда аҳоли яшаш шарт-шароитлари яхшилаш, уларнинг сифатли тиббий ёрдам олиши, ёшларимизни узлуксиз таълим билан таъминлаш ва умуман, тумандошларимиз истиқомат қилаётган манзилларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида муҳтарам Президентимизнинг қарор ва фармонлари ҳамда тегишли дастурлар асосида
- тумандаги йўлларнинг 58 км.и асфальтлаштирилди;
- 84 км.дан ортиқ ички йўллар шағаллаштирилди;
- 10 км пиёдалар йўлаги қурилди;
- 74 км янги ичимлик суви тармоғи тортилиб, 1 та янги сув иншооти таъмирланди.
Натижада туманда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси йил бошидаги
72,1 фоиздан 79 фоизга кўтарилди.
- 60 км янги электр тармоғи тортилиб,
1250 та эскирган таянч устунлари бетон устунларга алмаштирилди ва 12 та янги трансформаторлар ўрнатилди. 69 та кўп қаватли уйларнинг 362 та электр шитлари таъмирланди.
- 2 та мактаб ва 4 та мактабгача таълим ташкилотлари мукаммал таъмирланиб, 20-умумий ўрта таълим мактабида 330 ўринли янги ўқув блоги қурилди.
- 4 та янги маҳалла бинолари қурилди.
- 1 та янгидан қурилган оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди.
Йил давомида қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам бир қатор салмоқли натижаларга эришганимизни алоҳида таъкидламоқчиман.
Бунинг тасдиғини бу йил туманимизда илк бор
23 минг тоннадан ортиқ ғалла, 24 минг 783 тонна пахта, 75 минг 100 тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз маҳсулотлари, 25 минг 800 тонна мева ва узум,
370 тонна пилла етиштирилгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Ушбу натижаларга эришишимизда фидойи фермерларимиз томонидан йил давомида 150 га яқин кичик ва йирик ҳажмдаги техникалар, ғалла ўрим комбайнлари ва пахта терим комбайнлари харид қилингани ҳам катта туртки бўлди.
Йилнинг энг муҳим ва салмоқли ишларидан яна бири “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида бажарилган вазифалар бўлди.
Бу борада туманимиздаги 413 та даромади паст деб топилган оилалар раҳбарларга бириктирилиб,
уларни ишга жойлаштириш,
бандлигини таъминлаш,
хонадони таъмирига қўмаклашиш,
томорқасидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш,
иссиқхоналар ташкил қилиш,
чорва моллари олишда кўмаклашиш,
фарзандларини турли ўқув курсларига бепул жалб этиш,
оила аъзоларининг соғлиғини тиклаш ва бошқа турли йўналишлардаги бир қатор муаммолари ҳал этилди.
Натижада ушбу оилалар камбағалликдан чиқарилди ва доимий юқори даромадга эга бўлишди.
Қадрли тумандошлар!
Янги йилда ҳам олдимизга ҳар қачонгидан-да юқори режаларни қўйганмиз ва уларни амалга оширишда барча имкониятларимиз мавжуд.
Энг аввало, 2025 йил якунига қадар туманимизда камбағалликни кескин қисқартиришни бош мақсад қилиб олганмиз.
Бу борада туманнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш орқали хорижий инвесторларни жалб этиш, ҳудудларда тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Барча ҳудудларда аҳоли яшаш шароитларини, инфраструктурани янада яхшилаш ишлари изчил давом эттирилади.
Хусусан, Азизобод ва Оқмачит маҳаллаларида маҳалла маиший хизмат кўрсатиш марказлари, Арабхона ва Азизобод маҳаллаларида 50 қатновли оилавий шифокорлик поликлиникалари, туман марказида “Нуронийлар маскани” қурилиб, фойдаланишга топширилади.
“Янги Ўзбекистон” массивида 7 та 9 қаватли жами 252 та хонадондан иборат уй-жойлар қурилади.
Шу билан бирга, инвестиция дастурлари асосида
3- ва 36-умумий ўрта таълим мактаблари реконструкция қилинади.
Қишлоқ хўжалиги майдонларида суғориш тизимларини янада яхшилаш мақсадида “Хўжақўрғон” ва “Қарнаб” каналларида ҳам реконструкция ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, фидойи, меҳнаткаш халқимиз ва фарзандларимиз муносиб ҳордиқ чиқаришлари учун туман Маданият ва истироҳат боғининг қиёфаси тубдан ўзгартирилади.
Музей ва унинг атрофи реконструкция қилинади, замонавий фавворалар қурилади, янги аттракционлар ўрнатилади.
Шу билан бирга,
- ёшларнинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етиштириш мақсадида барча мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш,
- аҳоли саломатлигини тиклаш ва касалликларнинг олдини олиш йўлида туман тиббиёт бирлашмасини энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш,
- хотин-қизлар ва нуронийларни, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш,
- инновацияларни кўпайтириш, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантириш,
- саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва бошқа соҳаларда натижаларнинг кескин ўсишига эришиш,
- “Яшил макон” умумиллий ҳаракати доирасидаги ишларни изчил давом эттириш;
- туманнинг туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш каби ўта муҳим ва долзарб вазифалар ҳам келгуси йил учун асосий йўналишларимиздан бўлади.
Олдимизда турган ушбу мақсадларни амалга оширишда касбига фидойилик билан ёндашадиган, ватанпарвар тумандошларимиз ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишларига ишонаман.
Азиз тумандошлар!
Сизларни Янги йил байрами билан яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик-тотувлик, файзу барака тилайман.
2025 йил қутлуғ ва баракали келиб, янги қувонч, янги ғалабаларга бой, барча орзу-умидлар ушаладиган ва эзгу ниятлар амалга ошадиган йил бўлишини тилайман.
Юртимиз доимо тинч, осмонимиз эса мусаффо бўлсин!
Янги йил барчамизга муборак бўлсин!
Бекзод БОБОМУРОДОВ, туман ҳокими