/ 20 ЙИЛЛИК РАИС НИМА ДЕЙДИ?
---

20 ЙИЛЛИК РАИС НИМА ДЕЙДИ?

---
baxriddin
471

Демас маҳалла фуқаролар йиғини 1997 йилда ташкил этилган бўлиб, унда 615 хонадондаги 908 та оилада 3124 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ташкил этилганида унинг илк раиси Шокир Муртазоев бўлган. 1999 йилдан шу кунга қадар эса маҳаллага Собир Шарипов раислик қилмоқда. Маҳаллалар куни олдидан 20 йиллик тажрибага эга раис билан маҳалладаги фаолият, халқ билан ишлаш ва шунга ўхшаш мавзуларда суҳбатлашдим. Раиснинг фикрлари билан қуйида танишасиз.

 

Аввало 20 йил олдинги ва бугунги кунни солиштирсам. Ўтган давр мобайнида ҳар бир соҳада бўлгани каби маҳалла фаолиятида ҳам кескин ўзгаришлар рўй берди, шунга яраша иш жараёнида ҳам ўзгаришлар бўлди. Аммо асосий вазифа ўша-ўша – халқ билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш. Чунки халқ бор экан, шу лавозимда фаолият олиб боряпман. Бугун қилинаётган ҳар бир иш халқ учун, фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш учун.

ОИЛА – МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Ҳар бир оила жамиятнинг бир бўлаги. Шундай экан, бу муқаддас даргоҳнинг доим осойишта бўлиши учун ҳар биримиз ҳаракат қилишимиз лозим. Жорий йилда нотинч оилалардан 6 та ариза келиб тушган бўлиб, маҳалламизнинг яраштириш комиссияси, шу билан бирга, туманимизнинг бу борадаги масъул ходимлари иштирокида ҳозиргача уларнинг тўрттаси яраштирилди.

Афсуски, бугун арзимаган нарсаларни баҳона қилиб, ажрашаётган оилалар кўпаймоқда. Ҳатто оддий бир телефон оила тақдирига салбий таъсир қилмоқда. Айнан мана шундай, оддий муаммолардан фожиа ясаб, келишмай қолганларни яраштиришни маҳалла ишидаги энг қийин вазифалардан, деб биламан. Айрим пайтларда бу ишлар анчагина вақтни ҳам талаб қилади. Коллежни эндигина битирган ёшларни уйлантириш; уй-рўзғор ташвиши, ишларига умуман тайёр бўлмаган қизларни турмушга чиқариш гоҳида мана шундай – арзимас нарсалар учун жанжалларга сабаб бўлмоқда.

МАҲАЛЛА РАИСИ ПСИХОЛОГ БЎЛИШИ КЕРАК

Маҳалла раиси психолог бўла олиши лозим. Мурожаат қилаётган фуқа-рога аввало яхши муносабатда бўлиб, у жаҳл отига минган бўлса, яхши сўз билан тинчлантириб, кейин унинг дардини, фикрини чуқур эшита олиш лозим. Психолог бўла олмасангиз, фуқаронинг дардини, муаммосини инсон сифатида тушуна олмасангиз, мурожаатнинг нафи бўлмайди, унга ечим ҳам топа олмайсиз, ҳатто фуқарога фикрингизни ҳам билдира олмайсиз. Шу билан бирга, бугун аҳолининг муаммосини кабинетда ўтириб эмас, уйига борган ҳолда ўрганиб, таҳлил қилиб, ижобий ҳал қилишга эришиш лозим бўлган даврдамиз. Шунинг учун, доим аҳоли билан бирга бўлишга ҳаракат қиламан.

ХОНАДОН ОБОД БЎЛИШИ УЧУН ДАСТУРГА ТУШИШ ШАРТ ЭМАС

Президентимизнинг қўяётган талаблари мени жуда қувонтиради. Одамлар бугун яхши яшаши керак, дейди давлатимиз раҳбари. Ҳақ гап.

2000 йиллар ва бугунги кунлардаги бунёдкорликларни, кўчаларнинг, аҳоли хонадонларининг кўринишини солиштиринг – ер билан осмонча фарқ бор. Айнан мана шундай солиштирма гапларни кўпинча фуқароларимга айтаман. Бугун қўша-қўша машиналар билан ҳеч кимни лол қолдириб бўлмайди. Ҳозир ҳар бир инсон тоза, саранжом, чиройли хонадонда яшаш шароитини яратиши лозим.

Хонадонлар обод бўлиши учун маҳалланинг "Обод қишлоқ" дастурига тушишини кутиб ўтириш шарт эмас. Чунки уйимизда ўзимиз доим яшаймиз ва унинг тозалиги ўзимизга ҳар томонлама фойдали-ку.

Мамлакатимизда "Ҳар бир оила – тадбиркор" дастурининг ишга туширилиши катта воқеа бўлди. Чунки дастур имкониятлари билан бугун фуқароларимиз имтиёзли кредитлар олиб, паррандачилик, қорамолчилик, қўйчиликни йўлга қўйишмоқда, иссиқхона, пишириқ цехлари ташкил этишмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 75 нафар фуқаромиз имтиёзли кредит олиб, юқоридаги соҳалар бўйича фаолият юритмоқда ҳамда оилавий бюджетини янада бойитмоқда. Шулардан 25 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 30 тадан 150 тагача товуқ олиб берилди.

ЭНДИ БИЗНИНГ БОЛАЖОНЛАР УЧУН ҲАМ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ БОР

Маҳалламиз ҳудудида МТМ йўқлиги аҳолига ноқулайликлар туғдириб келарди. Яқинда бу муаммолар ҳам ҳал этилди. Энди Қатаған қишлоғимизда иккита: Азима Ражабова ва Нилуфар Рустамова хонадонларида, шунингдек, Обиёвон қишлоғида Яраш Узоқов хонадонида Шамсия Сай-фуллаева мудиралигида 1 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муас-сасаси фаолият юритмоқда. Уларда 70 дан ортиқ кичкинтойлар қатнамоқда. Бу ҳам келажагимиз эгаларига бўлган эътибор намунасидир.

РЕЖАЛАР

Маҳалла ободлиги, халқ фаровонлиги, унинг дарди билан яшаш каби асосий вазифаларни изчил давом эттириш режаларимнинг бош мезонидир.

Алишер УМЕДОВ ёзиб олди.


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

ЯНГИ ЙИЛ ТУҲФАСИ

ЯНГИ ЙИЛ ТУҲФАСИ

Янгиликлар / Фукароларга янв 06, 2019

ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР ВАРОЗУНЛИКЛАР ФАОЛИЯТИГА НАЗАР

Туман хакида / Тадбиркорларга сен 06, 2019