/ / КОРОНАВИРУС ТАРҚАЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ: ҲАММАСИ ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ
Янгиликлар / Фукароларга

КОРОНАВИРУС ТАРҚАЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ: ҲАММАСИ ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ

Янгиликлар / Фукароларга
baxriddin
1
101
КОРОНАВИРУС ТАРҚАЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ: ҲАММАСИ ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ

Ҳозирги кунда бутун дунёда, шунингдек, мамлакатимизда ҳам коронавирусга қарши кураш давом этмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори қабул қилиниб, кодексларга ҳам қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Оммавий ахборот воситаларида, интернет ва ижтимоий тармоқларда коронавирусни юқтиришни олдини олиш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган тарғибот ишларининг асосий мақсади – фуқароларни хавотирга солиш эмас, уларни ҳушёрликка чақириш. Касаллик қўзғатувчилари атрофимизда борлиги, ҳар бир эҳтиётсизлик касалликни юқтириб олиш эҳтимолини юзага келтириши мумкинлиги қайта-қайта эслатиб борилмоқда.

Жорий йил 22 июнь ҳолатига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан киритилган таклифлар, коронавирус инфекциясидан соғайган беморларнинг соғайиш кўрсаткичи ҳамда ўша ҳудуддаги бугунги эпидемик вазиятни эътиборга олиб, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан мамлакатдаги мавжуд туман (шаҳар)ларнинг тоифалариўзгартирилди. Яъни вилоят, туман ва шаҳарлар "қизил”, "сариқ” ва "яшил” ҳудудларга ажратилди. 2020 йил 15 июндан бошлаб "яшил” ва "сариқ” ҳудудларда буюм бозорлари, бир қанча хизмат кўрсатиш соҳалар фаолиятига рухсат берилди. "Яшил” ҳудудга кирган туманларда баъзи фаолиятларга рухсат берилган бўлса-да карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилмоқда.

Шунча тарғибот ишларига қарамасдан, масъул ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилаётган тадбирлар давомида, баъзи фуқаролар томонидан карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилмоқда. Яъни, жамоат жойларида, кўчада ниқобни тақмасдан юриш, тўпланиб туриш, йўловчи ташиш қоидаларига риоя қилмаслик ва бошқа ҳолатлар фуқароларнинг маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиб, жарима тўлашларига тўғри келмоқда.

Энг ажабланарлиси, фуқаролар билиб туриб қоидаларни ўзлари бузишмоқда. Жарима белгилангандан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишонч телефонларига ва Халқ қабулхонасига жаримани бекор қилиш ёки камайтириш бўйича мурожаат қилишмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, карантин қоидаларини бузганлигингиз учун сизга нисбатан жарима қўлланилган бўлса, бунинг учун ҳар хил ишонч телефонларига, юқори ташкилотларга мурожаат қилишингиз керак эмас. Фақатгина, маъмурий ишлар бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз бўлади.

Қайси ҳолатларда судга мурожаат қилиш керак бўлади, қачонки жарима сизга нисбатан ноҳақ қўлланилган бўлса. Яъни, ниқобингиз тақилган бўлса-да сизга ноҳақ "ниқоб тақмаган” деб жарима қўлланилди ёки ходимлар томонидан сизга ҳуқуқларингиз тушунтирилмади, тушунтириш хати ёзмаган бўлсангиз. Фақатгина шу ҳолатларда суд ишни қайта кўриб чиқиши мумкин.

Бошқа ҳолатларда карантин қоидаларини бузган фуқаро жарималарни тўлашга мажбур бўлади.

Ҳурматли фуқаролар! Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 22 мартдаги қарорига мувофиқ Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга «огоҳлантириш» берилиши, 25 март куни соат 6:00дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилиши белгиланган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 23 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 2020 йил 24 мартда маъқулланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 26 мартда имзоланган 613-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Кодекснинг 54-моддаси матниянги таҳрирда баён этилиб, унинг биринчи қисмида "Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деб, белгилаб ўтилди.

Ушбу Кодекснинг 54-моддасининг эски таҳрири битта қисмдан иборат бўлиб, унинг санкциясида фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиниши назарда тутилган бўлса, янги таҳрирдаги ушбу модда иккинчи қисм билан тўлдирилди ва унинг санкциясида жазо чораси кучайтирилди.

Ҳурматли тумандошлар, карантин қоидаларига жиддий муносабатда бўлишингизни сўраймиз. Коронавирус инфекцияси хавфи йўқолиши ва бизнинг одатий ҳаёт тарзимизга қайтишимиз ўзимизга боғлиқ.

 

Х. Халилов,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қизилтепа туман Халқ қабулхонаси мудири.

 


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ БЎЙИЧА ТУМАН

Янгиликлар июн 21, 2020
ҚИЗИЛТЕПА ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ Қ-6/302-СОНЛИ ҚАРОРИ

ҚИЗИЛТЕПА ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ Қ-6/302-СОНЛИ

Хоким карорлари июн 03, 2020
ҲУРМАТЛИ ТУМАНДОШЛАР!

ҲУРМАТЛИ ТУМАНДОШЛАР!

Эълонлар / Янгиликлар / Тадбиркорларга / Фукароларга июн 16, 2020