/ / СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАР, СИЗЛАР УЧУН! КОДЕКСДАГИ ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР
Янгиликлар / Тадбиркорларга / Фукароларга

СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАР, СИЗЛАР УЧУН! КОДЕКСДАГИ ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР

Янгиликлар / Тадбиркорларга / Фукароларга
baxriddin
30
СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАР, СИЗЛАР УЧУН! КОДЕКСДАГИ ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР 
Ўтган йилнинг 30 декабрида Ўзбекистон Республикасининг 599-сонли Қонуни билан 480 та моддадан иборат янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинди.
 Кодексда белгиланган тартиб-тамойиллар бўйича туман солиқ инспекцияси ходими Акмал ИСЛОМОВ қуйидагиларни маълум қилди:
ЯНГИ КОДЕКСНИНГ МАҚСАДИ
 Янги таҳрирдаги Солиқ кодексини қабул қилишдан мақсад солиқ қонунчилигини соддалаштириш, соҳадаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ назорати механизмларини такомиллаштиришдан иборат.
 Солиқ кодексига асосан ягона ижтимоий тўлов ўрнига – солиқ, ягона солиқ тўлови ўрнига – айланма солиқ, қатъий белгиланган солиқ ўрнига – жисмоний шахсларнинг даромадларига, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда илгари берилган имтиёз ва солиқни ҳисоблаш хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда қатъий белгиланган миқдорда солиқ жорий этилади.
 Бундан ташқари, қуйидаги йўналишлар учун махсус солиқ режимлари бекор қилинди:
  а) бозорлар учун, уларни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказган ҳолда 2020 йил 1 январдан бошлаб бозорлар аввалги солиқ тўлаш тартиби (даромаднинг 50 фоизи) ўрнига қуйидагиларни тўлайди;
 умумдавлат солиқларини (агар реализация ҳажми 2019 йилда 1 миллиард сўмдан ошган бўлса) – юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва 20 фоизли оширилган ставкада фойда солиғини;
 айланмадан солиқ (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда), шунингдек, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни;
 б) концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун: уларга жисмоний шахслардан даромад солиғини тўлашни киритган ҳолда, ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божи миқдори деярли 4 баравар камайтирилди;
 в) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун уларни умумбелгиланган солиқ тўлашга ёки айланма солиқ тўлашга ўтказиш билан бирга фойда солиғининг ноль ставкаси белгиланади.
 Якка тартибдаги тадбиркорлар учун декларация асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашни ёки 2020 йилдан бошлаб ўртача 25 фоизгача пасайтириладиган, қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилади.
 2020 йил 1 январдан бошлаб товарларни (хизматларни) сотишда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда тақдим этиши ва қабул қилиши шартлиги белгиланди.
СОЛИҚ МАЪМУРИЯТЧИЛИГИ МАСАЛАЛАРИ
  1. Солиқ органларининг солиқ тўловчининг солиқ қарзини ундиришни унинг дебиторидан олинадиган суммага қаратиш ҳуқуқи бекор қилинди.
 2. Солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариши учун жавобгарлиги кучайтирилди.
 3. Камерал ва сайёр солиқ текширувларини ҳамда солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқини берадиган солиқ назоратини амалга оширишнинг янги тартиби назарда тутилди.
ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ БЎЙИЧА
 2020 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоблаб чиқиш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби бекор қилинди. ҚҚС ставкалари 15 фоиз ва ноль ставкада сақлаб қолинади.
 Солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва ҚҚС тўлаш ҳар ойда – ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай амалга оширилиши керак. Ҳисобга олинган ҚҚС суммасининг ҳисобланган солиқ суммасидан ошиб кетиши натижасида келиб чиққан ҚҚС миқдорини қайтариш 2020 йил 1 июлдан бошлаб амалга оширилади.
ФОЙДА СОЛИҒИ БЎЙИЧА
 Фойда солиғи бўйича 15 фоиз ва ноль миқдорда ставка ўрнатилди. Олдин солиққа тортилган даромадларни ҳисобга олиш механизмини жорий этган ҳолда дивидендларнинг каскадли солиққа тортилиши бекор қилинди.
 Чораклик солиқ ҳисоботлари – ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай, йиллик ҳисоботларни солиқ даври ўтгандан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай тақдим этилади. Жорий тўловлар учун маълумотлар талаб этилмайди.
ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ДАРОМАД СОЛИҒИ ҚАНДАЙ?
 Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари сақланиб қолинди.
 Республика олий ўқув юртларида таълим олиш, эрининг (хотинининг) таълим олиши учун йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғидан озод этилди.
 Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг асосий ставкаси – 12 фоиз. Дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадларга 5 фоиз миқдорда солиқ солинади.
 Календарь йилида товарларни (хизматларни) сотишдан олинган даромади 100 миллион сўмдан ошмайдиган жисмоний шахслар даромад солиғини тўлаш тартибини танлаш ҳуқуқига эга ва танлаш тартибини жорий йилнинг 25 январидан кечикиктирмай тақдим этиши шарт. Акс ҳолда унинг солиқни қатъий белгиланган миқдорда тўлашга розилигини билдиради.
 Солиқ даврида товарлар (хизматлар) сотишдан олган даромадлари бир миллиард сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар қўшилган қиймат ва даромад солиғининг тўловчиси ҳисобланади.
 Қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳар ойнинг 15-кунидан кечиктирмай тўланиши шарт.
ИЖТИМОИЙ СОЛИҚ БЎЙИЧА
 Ижтимоий солиқ ставкаси давлат корхоналарига, низом фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга, уларнинг таркибий бўлинмаларига нисбатан 25 фоиздан 12 фоизгача камайтирилди.
ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МОЛ-МУЛК СОЛИҒИ БЎЙИЧА
 – Қурилиши норматив муддатда тугалланмаган объектларга нисбатан солиқ ставкаси 4 фоиз миқдорида белгиланди.
 Қуйидаги кўчмас мулк объектларига нисбатан илгари берилган имтиёзлар ўрнига 0,2 фоиз миқдорида пасайтирилган солиқ ставкаси жорий этилмоқда:
 – темир йўллар, магистрал қувурлар, алоқа ва электр узатиш тармоқлари, шунингдек, ушбу объектларнинг ажралмас қисми бўлган иншоотлар;
 – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг консервация қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кўчмас мулк ва қурилиши тугалланмаган объектлар;
 – ўз вақтида ишга туширилмаган ускуналар солиқ солиш объектидан чиқариб ташланмоқда;
 – тўлиқ амортизация қилинган биноларга ҳар уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган қайта баҳоланган (бозор) қийматидан келиб чиқиб, мол-мулк солиғи солиниши белгиланмоқда.
 Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сақлаш учун ишлатиладиган, қишлоқ хўжалиги корхоналари ихтиёридаги мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматига солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишида мол-мулк солиғи бўйича имтиёз белгиланди.
ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИГА СОЛИҚ
 Бу борада солиқ ставкалари 2019 йил даражасида сақланиб қолинди. Солиқ янги бинолар, жойлар ва иншоотларга мулк ҳуқуқи пайдо бўлган ойдан бошлаб тўланади. 2020 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда кадастр қийматидан солиқ суммаси 2019 йил учун ҳисобланган солиқ миқдоридан 30 фоиздан кўпга ошмаслиги керак. Мол-мулк ва ер солиғини муддати йилида 2 марта – 15 апрель ва 15 октябргача тенг улушга бўлиб тўлаш белгиланди.
ЮРИДИК ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ЕР СОЛИҒИ
  Қишлоқ хўжалиги ерлари учун солиқ ставкаси шу мақсадга мўлжалланган ерларнинг норматив қийматидан 0,95 фоиз миқдорида белгиланади.
 Қурилиши тугалланмаган ер участкалари учун, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, солиқ икки баравар ставка бўйича тўланади.
  Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун йиллик солиқ суммасининг 30 фоизи жорий йилнинг 1 сентябригача, қолган қисми 1 декабрга қадар тўланиши керак.
 Солиқ ҳисоботи эса 1 майгача тақдим этилиши лозим. 
 СУВ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНГАНЛИК УЧУН СОЛИҚ
 Солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақланиб қолинмоқда. Қуйидаги ҳолларда оширилган солиқ ставкалари ўрнатилади (белгиланган солиқ ставкаларининг беш бараваридан):
 – сувдан фойдаланишда белгиланган лимитлардан ортиқча сув олинганда;
 – рухсат берувчи ҳужжатларсиз фойдаланилганда;
 – автотранспорт воситаларини ювишни амалга оши-рувчи корхоналар томонидан ер усти манбаларидан олинган сувдан фойдаланилганда.
 Деҳқон хўжаликлари томонидан солиқни тўлаш йилида бир марта, солиқ давридан кейинги йилнинг 1 майигача амалга оширилади.
 Қўшимча фойда солиғи бекор қилинди.
 Шуни ҳам эслатиб ўтмоқчимизки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг электрон нусхаси Молия вазирлигининг (www.mf.uz) ва Давлат солиқ қўмитасининг (www.soliq.uz) сайтларида жойлаштирилган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

ВИЛОЯТ ДАВЛАТ СОЛИҚ БОШҚАРМАCИ БОШЛИҒИ ТУМАНИМИЗДА

ВИЛОЯТ ДАВЛАТ СОЛИҚ БОШҚАРМАCИ БОШЛИҒИ

Тадбирлар янв 15, 2020
Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга

Президент фармонлари июн 28, 2019
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларини давлат

Президент карорлари авг 23, 2019