/ / ПРЕЗИДЕНТНИНГ ТАЪЛИМ ВА ИЛМ-ФАН СОҲАСИГА ОИД ФАРМОНИ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАГА ҚЎЙИЛДИ
Янгиликлар / Фукароларга / Бошка меъёрий хужжатлар

ПРЕЗИДЕНТНИНГ ТАЪЛИМ ВА ИЛМ-ФАН СОҲАСИГА ОИД ФАРМОНИ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАГА ҚЎЙИЛДИ

Янгиликлар / Фукароларга / Бошка меъёрий хужжатлар
baxriddin
0
102

Фармон лойиҳасига https://regulation.gov.uz/uz/d/23678 манзили орқали ўтиб, таклифларингизни киритишингиз мумкин

 

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

 

 

Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш,
илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида

 

Сўнгги йилларда мамлакатда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, боғча тарбияланувчилари, ўқувчи ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизимлари ҳамда илм-фан соҳаси ўртасида яқин ҳамкорлик ва интеграцияни, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, миллий таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолати уни замон талаблари асосида модернизация қилиш, ёшларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳамда мамлакатимиз таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш, жамиятимизда ўқитувчи ва педагог ходимлар, илмий ва ижодкор зиёлиларга бўлган ҳурмат-эътиборни янада ошириш, таълим олувчиларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, таълим тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида:

1. Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

мамлакат тараққиёти учун янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш, таълим ташкилотлари битирувчилари замонавий касб эгалари бўлишлари учун уларда зарур кўникма ва билимларни шакллантириш;

дунё миқёсидаги бугунги кескин рақобатга бардош бера оладиган миллий таълим тизимини яратиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш, уларнинг янги авлодини яратиш, ўқув дастурлари ва стандартларини оптималлаштириш;

таълим-тарбия муассасаларининг раҳбар ходимлари, педагог
ва мураббийлари, профессор-ўқитувчилари ва илм-фан соҳалари вакилларининг жамиятимиздаги ўрни ва мақомини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва фаолият самарадорлигига қараб моддий рағбатлантириш;

педагог ходимларнинг касбий маҳорати ва фаолият самарадорлигини мунтазам ошириб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, малака ошириш тизимини "ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида такомиллаштириб бориш;

таълим хизматларини кўрсатиш бўйича хусусий секторнинг салмоғини кенгайтириш, ҳудудларда нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш орқали рақобат муҳитини шакллантириш, таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;

таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган холда таълимни бошқаришни автоматлаштириш ва ҳар томонлама таҳлил қилиб бориш тизимини яратиш, электрон ресурслар
ва масофавий таълим технологияларини янада ривожлантириш, таълим олувчилар ўртасида IT-соҳасидаги касбларни оммалаштириш;

илм-фанни иқтисодиётнинг асосий драйверига айлантириш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, иқтидорли ёш олимларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, мавжуд илмий ташкилотлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

таълим тизимига юқори самарали халқаро амалиётни жорий этиш, республика таълим ташкилотларини нуфузли халқаро рейтингларга киритиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш.

2. Ўзбекистон Республикасида таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури
1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик, идоралар, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг биринчи раҳбарлари зиммасига дастурда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.

3. Халқ таълими вазирлиги:

а) 2021 йил 1 мартга қадар малакали педагог, илмий ходимлар, психолог ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Миллий ўқув дастурини (кейинги ўринларда – Дастур) ишлаб чиқсин ва унда қуйидагиларни назарда тутсин:

таянч ўқув режасини такомиллаштириш ва умумий ҳафталик ўқув юкламасини камайтириш ҳамда ўзаро узвий боғлиқ фанларни бирлаштириш ҳисобига уларнинг сонини оптималлаштириш;

ўқувчиларни келгуси ҳаётга тайёрлаш ва уларга ўз билим
ва кўникмаларидан амалиётда фойдаланишни ўргатувчи малака талабларини
синфлар кесимида ишлаб чиқиш;

фанлараро ўзаро алоқадорлик ва синфлар кесимида даврийликка тўлиқ риоя қилган ҳолда ўқув дастурлари ўртасида узвийликни таъминлаш;

янги авлод дарсликларини ўқитувчининг методик қўлланмаси, ўқувчининг машқ дафтари ва мультимедиа иловаси билан бирга комплекс тарзда яратиш ва нашр этиш;

ўқувчиларнинг фан бўйича эгаллаган билимлари билан бир қаторда саводхонлик, компетенция ҳамда шахсий сифатларини баҳолаш тизимини жорий этиш;

б) 2021 йил 1 майга қадар Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда Дастурни илмий-тадқиқот
ва таълим муассасаларида экспертизадан ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишини таъминласин;

в) Дастурнинг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб таълим жараёнига босқичма-босқич жорий қилинишини таъминласин.

4. Белгилаб қўйилсинки, умумий ўрта таълим сифатини ошириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари, таянч, вариатив ўқув режалари ва дастурлар ишлаб чиқилади ҳамда дарслик ва ўқув қўлланмалари тажриба-синовдан ўтказилади;

Халқ таълими вазирлиги буюртмасига асосан муаллиф ва тузувчилар танлаб олинади ҳамда дарслик ва ўқув-методик мажмуаларнинг макетлари яратилади.

5. Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг умумтаълим муассасасини сақлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини камайтирмаган ҳолда Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларидаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини тажриба-синов тариқасида хусусий сектор вакилларига 5 йилга ишончли бошқарувга (кейинчалик узайтириш ҳуқуқи билан) бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда:

ишончли бошқарувчига умумтаълим муассасасида таълим олаётган ҳамда унга бириктирилган микроҳудуд ўқувчиларини ўқитиш, уларни рақобатбардошлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш ва умумтаълим муассасасининг биноларини таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уни замонавий ўқув жиҳозлари ва лаборатория ускуналари билан таъминлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари юклатилади;

ишончли бошқарувчига нодавлат таълим ташкилоти фаолиятини ташкил этиш учун умумтаълим муассасасининг бўш турган бинолари ва ер майдонлари ажратилади.

6. Халқ таълими вазирлиги:

халқ таълими ходимларининг узлуксиз ривожланиш жараёнларига таълим олишнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий қилсин;

2021 йил 1 июнга қадар халқ таълими ходимларига қайта тайёрлаш ва малака оширишга ихтисослашган давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида кредитларни йиғиб бориш имкониятини яратсин;

2021 йил 1 январга қадар А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида олий таълим ташкилотларининг педагогик бўлмаган бакалавриат таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалари учун шартнома асосида қисқа муддатли педагогик курсларни ташкил қилсин;

уч ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари томонидан синф раҳбарларини тайёрлаш бўйича ўқув курсларини жорий қилсин;

2021 йил 1 майга қадар халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш, ҳар бир ходимнинг малака ошириш жараёнларини мониторинг қилиш ва шахсий ҳисобини юритиш имкониятини таъминловчи "Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасини ишга туширсин.

7. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог ходимларини (кейинги ўринларда – педагог ходимлар) аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаси бериш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг расмий веб-сайтидаги махсус портал орқали амалга оширилади;

педагог ходимларга малака тоифаларини бериш, шунингдек талабгорларни аттестациядан ўтказиш соддалаштирилган тартибда амалга оширилади. Бунда, педагог ходимларнинг олий маълумот ёки қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги дипломида кўрсатилган тайёрлов, таълим йўналишлари, мутахассислик ёки ихтисосликларига мос келадиган фанлардан имтиҳонлар ташкил қилинади ва ахборот тизимларини қўллаган ҳолда уларнинг фаолият самарадорлиги баҳоланади;

педагог ходимларга малака тоифаларини бериш, шунингдек талабгорларга тегишли малака тоифаси бериш бўйича навбатдаги аттестациядан ўтказганлик учун йиғим ундирилмайди, навбатдан ташқари аттестациядан ўтказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

 

8. Белгилансинки:

2021 йил 1 майдан бошлаб нодавлат таълим ташкилотлари ҳамда педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим ташкилотларига халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш ҳуқуқи берилади;

ўқувчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги "Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ–4306-сон қарорига мувофиқ халқаро фан олимпиадаларида ғолиблик (олтин, кумуш, бронза медали)ни қўлга киритган умумтаълим муассасалари педагогларига тўғридан-тўғри олий малака тоифаси берилади;

умумтаълим муассасалари педагогларига 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб синф (гуруҳ) раҳбарлиги учун тўловлар 1,5 бараварга оширилади;

2021 йил 1 апрелдан бошлаб ҳудудий халқ таълими бўлинмалари методистларининг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.

9. Молия вазирлиги Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2024/2025 ўқув йилига қадар фаолияти давомида юқори натижаларга эришган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари педагогларининг ойлик маошини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача босқичма-босқич ошириб бориш чораларини кўрсин.

10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ умумтаълим муассасалари битирувчиларининг олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашиш кўрсаткичлари асосида директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасалари раҳбар ходимлари қуйидаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади:

ўқувчиларининг 95 фоизи ва ундан ортиқ қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган директорларга – 12 баравар, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига – 6 баравар;

ўқувчиларининг 90–94 фоиз қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган директорларга – 9 баравар, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига – 4,5 баравар;

ўқувчиларининг 85–89 фоиз қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган директорларга – 6 баравар, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига – 3 баравар.

Белгилансинки, умумтаълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашиш кўрсаткичлари улар мактабни тамомлаган ўқув йилидан навбатдаги ўқув йилига қадар бўлган даврда 3 ойдан ортиқ вақт давомида фаолият юритган ҳолларда шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизими маълумотлари асосида шакллантирилади.

11. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари
ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномаси (диплом иловаси)даги мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи киритилади ва ушбу кўрсаткич олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олинади.

12. 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат олий таълим ташкилотларига кириш учун тест синови топшириқларини тузиш ва экспертизадан ўтказишнинг янги тартиби жорий қилинсин, унга мувофиқ:

тест синови топшириқлари Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида тузилади;

тест синови материалларининг маъно-мазмуни умумтаълим тизимидаги фанларнинг ўқув дастурларига мослаштирилади;

абитуриентларнинг назарий билимларини ўзлаштириш даражаси билан бирга уларнинг мантиқий фикрлаши, масала ва мисолларни бажара олиши қобилияти ва таълимнинг кейинги босқичига тайёргарлигини баҳолайдиган, компетенцияга асосланган тест топшириқлари ишлаб чиқилади.

13. Халқ таълими вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда:

2020 йил 15 декабрга қадар ҳудудий халқ таълими бўлимлари раҳбарлари ва методистлари фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, ушбу лавозимларда меҳнат қиладиган ходимларга қўйиладиган талаблар ва уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш мезонларини (KPI) тасдиқласин;

2021 йил 1 мартга қадар ҳудудий халқ таълими бўлимлари раҳбарлари ва методист лавозимларини янги талабларга мос келадиган, юқори малакали мутахассислар билан тўлдирсин.

14. 2021 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим муассасалари директорларини лавозимга тайинлаш, уларга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳамда иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимидан озод этишнинг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар бош бошқармаси (кейинги ўринларда – ҳудудий халқ таълими бошқармалари) томонидан тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий қилинсин.

Бунда:

умумтаълим муассасаларининг бўш директор лавозимлари учун ҳудудий халқ таълими бошқармалари киритган номзодлар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан танловдан ўтказилади;

умумтаълим муассасаси директорлиги учун номзодлар танловда тегишли умумтаълим муассасаси кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури (кейинги ўринларда – 3 йиллик дастур) билан иштирок этади;

халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан танлов натижаларига кўра умумтаълим муассасаси директори лавозимига тайинлаш учун энг яхши 3 йиллик дастур эгаси танлаб олинади ҳамда лавозимга тайинлаш учун ҳудудий халқ таълими бошқармаларига тақдим этилади;

халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан танлаб олинган номзод ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан умумтаълим муассасаси директори лавозимига тайинланади;

умумтаълим муассасаси директори йил якуни бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ва жамоатчилик вакилларига
3 йиллик дастурнинг ижроси юзасидан ҳисобот беради ва ҳисобот натижасига кўра унинг фаолиятига халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан баҳо бериб борилади.

15. Белгилаб қўйилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, вилоятлар халқ таълими бошқармаси бошлиқлари
ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари бир вақтнинг ўзида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимларининг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳисобланадилар.

16. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармалари ташкил этилсин.

Қуйидагилар Халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармалари маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ходимлари, жумладан методистларини рағбатлантириш учун ушбу бўлимлар йиллик иш ҳақи фондининг 50 фоизи;

умумтаълим мактаблари директорларини моддий қўллаб-қувватлаш учун умумтаълим мактаблари ходимлари йиллик иш ҳақи фондининг
1 фоизи.

17. Халқ таълими вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети билан биргаликда Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактабининг амалий тажрибаси, методик ва методологик бошқарув усуллари асосида ҳудудларда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич ихтисослаштирилган математика мактабларини ташкил этсин.

18. Молия вазирлиги Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда оптик толали юқори тезликдаги Интернет линиялари олиб борилган умумтаълим муассасаларининг ички локал ускуналарини ўрнатиш, ягона "Электрон таълим” тармоғини яратиш, уни бошқариш, ҳамда контент яратиш ва техник қўллаб қувватлаш учун ҳар йили 100 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағлар ажратилишини таъминласин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари умумтаълим муассасаларининг интернетдан фойдаланиш хизматлари учун харажатларни ўз вақтида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўланишини таъминласин.

19. Белгилансинки, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасалари битирувчилари ўзининг иқтидори ва қизиқишларига мос касбни танлаб олиши, меҳнат бозорида муносиб ўрнини топиши, касбий фаолиятида муваффақиятга эришиши учун қуйидагиларни назарда тутувчи "касбга йўналтириш тизими” жорий этилади ва унинг доирасида:

а) умумий ўрта таълим тизимида Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан:

7-синф битирувчиларида касблар бўйича бирламчи билим ва кўникмаларни шакллантириш учун педагог ҳамда психологлар томонидан уларни профессионал ташхислаш орқали касбий мойиллиги аниқланади ҳамда турли тармоқлар фаолияти билан танишиш учун
шарт-шароитлар яратилади;

умумтаълим мактаби ўқувчилари учун махсус касбий тайёргарликни талаб қилмайдиган мутахассисликларга ўқитиш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил қилинади;

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида мактаб битирувчилари шуғулланиши мумкин бўлган касб ва лавозимлар белгиланади ҳамда уларнинг профессионал стандартлари ишлаб чиқилади;

туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказларида мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш бўйича махсус "ситуацион хона”лар ташкил этилади, касбга йўналтириш бўйича электрон дастур ва кўргазмали материаллар ишлаб чиқилади;

туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари раҳбарлари томонидан мактаб ўқувчилари учун касбга йўналтириш бўйича амалий дарслар ўтказилади;

б) профессионал таълим тизимида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан:

амалиётга йўналтирилган таълим дастурларини жорий этиш мақсадида профессионал таълим муассасаларида дуал таълим тизими жорий этилади;

дуал таълим тизими асосида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган ўқувчиларга иш берувчи билан тузилган шартномага мувофиқ иш ҳақи тўланади;

профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларнинг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш тартиби босқичма-босқич жорий қилинади;

профессионал таълим муассасалари ўртасида ишчи касблар бўйича ”WorldSkills Uzbekistanмусобақалари ўтказилади;

профессионал таълим муассасаларига хорижий мамлакатлардаги таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида ўрта бўғин кадрларини тайёрлашни ташкил этиш ваколати берилади;

ривожланган давлатларнинг IT-технологиялари, робототехника, қурилиш, туризм, транспорт, энергетика ва бошқа соҳалар бўйича етакчи профессионал таълим муассасалари филиаллари ташкил қилинади.

20. Олий таълим ташкилотларини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг (кейинги ўринларда – халқаро рейтинг) биринчи 1 000 та ўрнидаги олий таълим ташкилотлари рўйхатида муносиб ўрин эгаллашларини таъминлаш мақсадида:

олий таълим ташкилотларининг миллий рейтингида сўнгги 5 йил давомида доимий равишда биринчи 3 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларига олий маълумотли кадрлар тайёрлаш бўйича академик ва молиявий мустақиллик берилсин ҳамда мустақиллик мезонлари Европа университетлари ассоциацияси стандартларига мувофиқ қабул қилинсин;

олий таълим ташкилотларининг миллий рейтингида биринчи 10 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотига мавжуд ихтисосликлар бўйича илмий унвонларни мустақил бериш ваколати берилсин;

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва тизимида олий таълим ташкилотлари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар 2021 йил 1 февралга қадар 2030 йилгача халқаро рейтингларда 2 та олий таълим ташкилотини – биринчи 500 та ўриндаги, 8 та олий таълим ташкилотини – биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим ташкилотлар рўйхатига киритиш учун тегишинча "2+500” ва "8+1 000” лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва тақдимот қилсин.

21. Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар ҳар бир ҳудудда нодавлат, жумладан давлат-хусусий шериклик асосида камида биттадан олий таълим ташкилотини ташкил қилсин.

22. Белгилансинки, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

республика олий таълим муассасалари қарорига мувофиқ номутахассислик фанлари модуль тизими асосида ўқитилади;

олий таълим дастурлари тегишли таълим соҳаси бўйича Давлат таълим стандартлари, Миллий малакалар рамкаси ва профессионал стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа
ва фан дастурларидан иборат меъёрий-услубий ҳужжатлар мажмуаси
сифатида жорий этилади.

23. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

2021/2022 ўқув йилига қадар барча олий таълим ташкилотларида ахборот-ресурс марказлари базасида мавжуд адабиёт, дарслик, ўқув-услубий ва бошқа қўлланмалар рақамли форматга ўтказилиб, уларнинг электрон платформаси шакллантирилишини таъминласин ҳамда улар бўйича рақамли ягона ахборот қидирув тизимини жорий қилсин;

ҳар бир фан кесимида маъруза, амалий (семинар) ва лаборатория машғулотлари, мустақил ишлар бўйича электрон модулларни ишлаб чиқсин ва 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб амалиётга жорий этсин;

Республика олий таълим кенгаши билан биргаликда бир йилда камида икки маротаба профессор-ўқитувчилар, талабалар ўртасида сўровлар ўтказсин ҳамда жамоатчилик ва иш берувчиларнинг
фикрини ўрганиш асосида олий таълим сифатини ошириш, тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан зарурий чоралар кўриб, натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;

давлат олий таълим муассасаларига хорижий талабаларни жалб этиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида таълим хорижий тилларда олиб бориладиган гуруҳлар салмоғини босқичма-босқич ошириб бориш чораларини кўрсин;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб хорижий талабаларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни йилда икки марта семестрнинг бошида ташкил қилсин;

халқаро рейтингларда биринчи 1 000 та ўриндан бирини эгаллаган хорижий олий таълим ташкилотларининг аккредитацияланган таълим дастурларини республика олий таълим ташкилотлари ўқув жараёнига жорий қилсин ва улар асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйсин.

24. Белгилансинки, 2021/2022 ўқув йилида психология соҳасидаги таълим йўналишлари бўйича давлат буюртмаси асосидаги қабул параметрлари 30 фоизга оширилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда психология соҳаси бўйича кадрларни тайёрлайдиган олий таълим муассасаларига ўқув режалари ва таълим дастурларини илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, уларни иш берувчиларнинг талабларига мослаштиришга кўмаклашсин.

Халқ таълими вазирлиги педагог кадрларни малакасини оширишда болалар психологияси бўйича ўқув дарсларни ўтказсин ва мазкур жараёнга малакали, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб қилсин.

25. Халқ таълими вазирлигининг 2021 йилда Самарқанд вилоятидаги давлат умумтаълим муассасаларининг ўқувчиларига психологик хизмат кўрсатиш фаолиятини тажриба синов тариқасида хусусий ташкилотларга аутсорсингга бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

давлат умумтаълим муассасалари рўйхати Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда Самарқанд вилояти ҳокилиги томонидан белгиланади;

аутсорсинг усулида психологик хизмат кўрсатиш Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига кўра ташкил қилинади;

психолог хизмати аутсорсинг усулида ташкил этиладиган давлат умумтаълим муассасаларида аутсорсернинг хизмати учун тўловлар умумтаълим муассасасига ажратилган Давлат бюджети маблағлари доирасида қопланади.

26. Қуйидагилар:

2021 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг олис ва чекка ҳудудларидан камида 100 нафар ёшларни нуфузли олимларга бириктириш учун грант ажратиш;

2021 йилда 500 нафар ёшларни рақамли технологиялар, биология, генетика каби йўналишлар бўйича 3–6 ойлик хорижий стажировкага юбориш;

2020 йилда ва 2021 йилда 43 та, 2022 йил якунига қадар 38 та самарадорлиги юқори бўлган янги илмий ишланмаларни тижоратлаштириш;

илмий ишланмаларни тижоратлаштириш учун хусусий сектор ва ишлаб чиқариш тармоқлари билан тенг молиялаштириш тизимига ўтиш;

2021 йилдан бошлаб Фанлар академияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан келишилган ҳолда илмий-тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосари, олий таълим ташкилотларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор ва филиал директори ўринбосари фаолияти самарадорлигини баҳолаш Инновацион ривожланиш вазирлигининг қўшимча вазифалари этиб белгилансин.

Инновацион ривожланиш вазири мазкур бандда белгиланган вазифаларни тўлиқ ва ўз вақтида бажариш учун масъул ҳисобланади.

27. Ахборот технологиялари, биология, кимё ва геология-минералогия фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш ваколати тақдим этиладиган илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

28. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатлар ҳамда рўйхати ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатларни Ўзбекистон Республикасида фан доктори (DSc) сифатида тан олинади ва нострификация қилинади (эквивалентлиги қайд этилади).

Инновацион ривожланиш вазирлиги Олий аттестация комиссияси билан биргаликда бир ой муддатда:

ваколатли давлат органида фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражалари тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) тартибини белгилаш;

Олий аттестация комиссиясининг амалдаги вазифа ва функцияларини қайта кўриб чиқиб, унинг фаолият самарадорлигини янада ошириш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини яхшилаш ва ойлик маошларини оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Илмий даражали кадрлар тайёрлаш ва ушбу соҳада давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

29. Белгилансинки, 2021 йилдан бошлаб олий таълим ва илмий ташкилотлар буюртмасига мувофиқ илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги тематик грантлар танлови эълонлари кўлами 3 бараваргача кенгайтирилади, докторантурага қабул квоталари босқичма-босқич ошириб борилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича зарур чораларни кўрсин.

30. Мактабгача таълим вазирлиги:

а) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар мактабгача таълим тизимида замонавий ўқитиш шакллари, янги педагогик ва ахборот технологияларини жорий қилсин, жумладан:

халқаро стандартлар ва талаблар асосида мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг ривожланишини баҳолаш мезонлари ва кўрсаткичларини ишлаб чиқсин;

болаларнинг ўсиши ва ривожланиши ҳамда мактабгача таълим билан қамраб олиш жараёнларини мониторинг қилиш бўйича ахборот тизимини ишга туширсин ва унга киритиладиган маълумотларнинг шаффофлигини таъминласин;

мактабгача таълим хизматлари учун электрон тўлов тизимларини жорий қилсин;

мактабгача таълим соҳасида электрон бошқариш тизимини бошқа вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилсин;

б) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мактабгача таълим тизимида кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин.

31. Вазирлар Маҳкамаси:

2021 йил 1 январга қадар ўқитувчи ва муаллимларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг "Педагог ходимларнинг мақоми тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига белгиланган тартибда киритсин;

бир ой муддатда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;

икки ой муддатда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ҳамда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш
ва психологик-педагогик республика ташхис маркази фаолиятини такомиллаштириш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

32. "Ўзбеккино” Миллий агентлиги Республика Маънавият
ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда таълим ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тўғри етказиш мақсадида ўқитувчилик касбини улуғловчи видеороликлар, илмий-оммабоп кўрсатувлар, бадиий ва ҳужжатли фильмларни ишлаб чиқсин, телевидение орқали доимий намойиш қилсин ҳамда ижтимоий реклама сифатида уларни телевидение ва радиоканалларда жойлаштирсин.

33. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.

34. Халқ таълими вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

35. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов
ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

              Президенти                                                         Ш.Мирзиёев

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни

Президент фармонлари июл 12, 2019
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Президент фармонлари сен 10, 2019

МАКТАБЛАРНИНГ МИЛЛИЙ РЕЙТИНГИ: ВИЛОЯТДА БИРИНЧИМИЗ!

Янгиликлар авг 30, 2019

Манзил: Ўзбекистон Республикаси, Навоий вилояти, Қизилтепа тумани, Ўзбекистон кўчаси, 43-уй.
Почта индекси: 210400
Иш вақти: 09:00 - 18:00
Фуқаролар аризаларини қабул қилиш бўлимининг иш вақти: 09:00 - 17:00

Алоқа рақами: +(99879) 555-31-75
факс: (0-436) 555-22-05
Ишонч алоқа рақами: (0-436) 555-22-05
E-mail: qiziltepa@nv.uz

Сайтни юритиш бўйича масъул ходим: Хамроев Бахриддин Баходирович

Маъмурият билан боғланиш ёки бирор масала юзасидан мурожаат этиш

Фойдали мақолалар

Веб-сайт маълумотларидан фойдаланилганда, QIZILTEPA.UZ манбаа сифатида кўрсатилиши шарт!
Сайт ишланмаси - ЦИТО-Навои .