/ / ТАВОИСНИНГ ОЛИМЛАР АСАРЛАРИДАГИ ТАСНИФИ
Туман хакида / Фукароларга

ТАВОИСНИНГ ОЛИМЛАР АСАРЛАРИДАГИ ТАСНИФИ

Туман хакида / Фукароларга
baxriddin
0
15

Милодий VI аср (563-567 йиллар)да Эфталитлар давлати устидан Турк ҳоқонлиги ғалаба қозонади ва Ўрта Осиёда Турк ҳоқонлиги ўрнатилади. Табиийки, Суғд давлати ҳам бу ҳоқонлик таркибига киради.

Ғарбий Суғдда Бухорхудодлар подшолиги таркибига Бухоро шаҳри ва ҳозирги Ромитан, Жондор, Когон, Қоракўл, Олот туманлари кирган бўлса, Вардонхудодлар подшолиги таркибига Вардона (Вардонзе) шаҳри, ҳозирги Шофиркон, Пешкў, Вобкент, Ғиждувон ва Қизилтепа туманлари ҳудуди кирган.

VII аср охири ва VIII аср бошлари, араблар босқинигача Бухохудодлар устидан Вардонхудодлар ғолиб келган.

Хуллас, Вардонхудодлар подшолиги таркибида бўлган Қизилтепа Турк ҳоқонлиги конфедерациясининг асосий қисми бўлган. Бу вақт Қизилтепа ҳудуди Арқурт номи билан аталиб, араблар босқинидан сўнг Тавовис – Тавоис номини олган.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закария ал-Хаттоб Шари Наршахийнинг "Бухоро тарихи” китобида Бухорога қарашли 13 та қишлоқ ва шаҳарлар номи тилга олиниб, фақат Тавоис шаҳрига махсус тўхталиб ўтилган. Унда бундай дейилган: "Яна Тавоис. Бу Бухоро вилоятларидан бўлиб, асли номи Арқуддир. Унда бой ва зеб-у зийнатни севувчи кишилар яшаганлар. Зеб-у зийнатга берилганлигидан ҳар бир киши зийнат учун уйида битта ёки иккита товус сақлаган. Араблар (бу ерга келишдан – таҳр.) илгари товусни кўрмаган эдилар, бу ерда кўп товусларни кўриб, у қишлоқни "Зот ут-тавоис” – "Товуслар эгаси” деб атаганлар, унинг асл номи эса унутилган, ундан кейинроқ "зот” сўзини ташлаб "Тавоис” деб қўяқолганлар. Унда Масжиди жомеъ бор, у катта бир шаҳристонга эга. Қадимги вақтларда куз фаслида у жойда ўн кун бозор бўлган эди. У бозорда шундай расм бор эдики, (бошқа бозорда сурилиб қолган) ҳар қандай нуқсонли қуллар, чорва моллари ва айбли қолдиқ нарсалар бўлса, ҳаммаси бу бозорда сотилаверар ва уларни қайтариб беришнинг ҳеч илож-имкони бўлмас эди; на сотувчи ва на олувчининг ҳеч бир шарти қабул қилинмас эди. Ҳар йили (шу ўн кунда) бу бозорга масалан, Фарғона, Чоч ва бошқа жойлардан келган савдогарлар ҳамда турли ҳунармандлардан ўн мингдан ортиқ кишилар ҳозир бўлишар ва кўп манфаат топиб қайтар эдилар. Шу сабабли, бу қишлоқнинг аҳолиси бой кишилар эдилар ва бойликлари деҳқончилик туфайли эмас эди. Тавоис Самарқандга борадиган йўл устида бўлиб, ундан Бухорогача етти фарсахдур”.

Тавоисда эрадан олдин оташкада ва оташгоҳ бўлиб, зардуштийлар бу муқаддас жойда диний ва маънавий-ижтимоий маросимларни бажарганлар.

Абу Жафар ибн Муҳаммад ибн Жафар ат-Табарийнинг "Тарихи табарий”, Ибн Хурдодбеҳнинг "Китоб ал-масолик вал-мамолик”, Ибн ал Асирнинг "Ал-комил фит таърих” китобларида ҳам Тавоис вилояти, араб лашкарбошиси Қутайба ибн Муслим босқини ва бошқа воқеалар ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган.

"Ҳудуд ул-олам” – "Олам чегаралари” асарида Тавоис ҳақида шундай ёзилган: "Тавоис Бухорога қарашли шаҳарча. Суғд сарҳавдида. Унда ҳар йили бир кун бозор бўлади ва кўп халқ йиғилади”.

Демак, Тавоис Сомонийлар, Салжуқийлар ва Қорахонийлар даврида ҳам гуллаб-яшнаган. Мўғул босқини давридан буткул вайронага айлантирилиб, аввалги шон-шуҳрати қайта тикланмаган.

"Қизилтепа тарихи” китобидан олинди

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

ТУМАН ТАРИХИ МУЗЕЙИ

ТУМАН ТАРИХИ МУЗЕЙИ

Туман хакида фев 25, 2014
География  ва табиати

География ва табиати

Туман хакида фев 24, 2014
Қизилтепа тумани тарихи

Қизилтепа тумани тарихи

Туман хакида фев 23, 2014