
Савол: — Мен бир одамга 9 миллион сўм миқдорида қарз берганман, ўртада тилхат бор. У киши мана бир йилдан ошяпти, олган қарзини тўламаяпти. Танишларим судга чиқишим кераклигини айтяпти, қайси судга мурожаат қилишим керак, тартибини тўлиқ қилиб тушунтириб берсангиз?
Жавоб: — Бу ҳолатда Фуқаролик процессуал кодекси (яъни ФПК)нинг 26-моддаси 1-бандига асосан, муаммо низоли иш сифатида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади. Сабаби, фуқаролик, оила, меҳнат, уй-жой, ер тўғрисидаги ва бошқа муносабатлардан юзага келадиган низолар бўйича ишлар, агар тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлса, айнан фуқаролик судларига тегишли ишлар ҳисобланади.
Ушбу ФПКнинг 33-моддасига мувофиқ, судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари сифатида аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.
Демак, Сиз ушбу қоидага асосан, олинган қарз юзасидан Сизнинг олдингизда жавобгар ҳисобланувчи ўша қарздор фуқаро яшаётган жойдаги туманлараро фуқаролик судига даъво аризаси киритасиз.
Даъво аризангизда мурожаат қилинаётган суднинг номи, даъвогар сифатида ўзингиз ва жавобгар сифатида қарздор тўғрисидаги маълумотлар (ФИШ, яшаш манзиллар кабилар)ни, даъво ариза ва унинг тури (масалан, қарз ва унга ҳисобланган фоизларни ундириш тўғрисидаги даъво ариза) каби маълумотларни кўрсатасиз.
Даъво аризанинг асосий мазмун қисмида эса:
жавобгарга қачон ва қанча миқдорда қарз берганлигингиз;
ўртада ёзма тилхат расмийлаштирилганлиги;
қарзни қайтариш муддати;
жавобгар қарзни асоссиз равишда қайтармаётганлиги ҳамда у қарзни тўлашни пайсалга солиб келаётганлиги;
тегишли қонунлардан асос ва далиллар (масалан, қарз шартномасига доир Фуқаролик кодекси 732-738-моддалари)ни кўрсатасиз.
Даъво аризангизни сўнгги – талаб қисмида жавобгардан, яъни қарздордан ундирилиши лозим бўлган қарз суммалари, зарур бўлса, унинг фоизларини ундириб беришни сўрайсиз.
Шунингдек, даъво аризангизга албатта, тегишли ҳужжатларни илова қилишингиз керак ва аризада уларнинг рўйҳатини кўрсатишингиз керак, булар:
даъво аризасидан қўшимча бир нусха;
тилхат;
паспорт нусхалари (иложи бўлса қарздорники ҳам);
яшаш жойидан маълумотнома;
давлат божи тўланганлиги тўғрисида тўлов қоғози.
Даъво аризангиз Сизнинг имзойингиз билан тасдиқланиб, у имзоланган сана ҳам кўрсатилади ҳамда барча юқоридаги ҳужжатлар илова қилиниб жавобгар жойлашган фуқаролик судига топширилади.
Саволга туман Адлия бўлими бошлиғи
А. АСАДОВ жавоб берди.
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.