/ / / ҚИЗИЛТЕПА ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ Қ-6/302-СОНЛИ ҚАРОРИ
Хоким карорлари

ҚИЗИЛТЕПА ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ Қ-6/302-СОНЛИ ҚАРОРИ

Хоким карорлари
baxriddin
42

Вилоят ҳокимининг "Навоий вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 1 июндаги Қ-93-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳақида

 

Ҳозирги вақтда дунёнинг барча давлатларида Covid-19 коронавирус инфекциясига қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Охирги маълумотларга кўра 188 та мамлакатда 6 миллиондан зиёд одам ушбу касалликни юқтирган бўлиб, уларнинг 380 мингдан ортиғи вафот этган.

Мамалакатимизда ҳозирда 3,7 мингдан ортиқ фуқаро касалланганлар рўйхатига олинган бўлиб, уларнинг 15 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Таъкидлаш жоизки, май ойининг ўтган даври мобайнида вилоятда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сонини кескин ошиб кетиши бозорлар, йирик савдо марказлари, банклар ва бошқа аҳоли гавжум жойларда ўрнатилган ижтимоий масофага риоя қилмаслик, кўча-куйда тиббий ниқоб тақмасдан юриш, хонадонларда турли оммавий тадбирлар ўтказиш ҳолатларининг тез-тез учраши, умуман олганда, ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик заифлашаётганлигидан далолат беради.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш, шунингдек жорий йилнинг 29 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашининг сайёр йиғилишида белгиланган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида,

 

ҚАPOP ҚИЛАМАН:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашининг 2020 йил 29 майда Навоий шаҳрида ўтказилган сайёр йиғилишида белгиланган топшириқ ва вазифалар ҳамда Вилоят ҳокимининг "Навоий вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 1 июндаги Қ-93-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.

2. Туман сектор раҳбарлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиқларининг туманда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида амалга ошираётган ишлари қониқарсиз деб топилсин.

3. Зарафшон шаҳрининг маҳаллаларида жамоатчилик билан биргаликда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларининг ўз натижасини берганлиги инобатга олиниб, Зарафшон шаҳар тажрибаси туманда ҳам жорий этилсин.

4. Туман ҳокимининг ўринбосарлари (Н.Ҳайитов, Р.Худойбердиев, З.Рашидова), ички ишлар бўлими (А.Абдураимов), фавқулодда вазиятлар бўлими (Ш.Асадов), Миллий гвардиянинг 3-алоҳида отряди (У.Ўринов), санитария-эпидемиологик осойишталик маркази (А.Сатторова) билан биргаликда:

бозорларда, савдо мажмуалари ва дўконларда фуқаролар томонидан ижтимоий масофа (2 метр) сақланишини таъминлаш, кириш-чиқиш жойларида дезинфекция йўлакчаларини ва тўсиқларини, қўл ювиш учун қўшимча жойларни ташкил этиш ҳамда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш ва бошқа санитария-гигиена қоидалари талабларидан келиб чиққан ҳолда зарур шарт-шароитларни ташкил этиш;

тумандаги мавжуд бозорларни тўлиқ ўрганиб, уларнинг ўрнатилган карантин қоидаларига мос равишда фаолият олиб боришини таъминлаш;

сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир тумандаги маҳалла раисларининг аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқадиган талабномалари асосида кўчма ярмаркаларни ташкиллаштириш жараёнида карантин қоидаларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш;

барча аҳоли гавжум жойларда, кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва уларнинг ҳовлиларида, бозорлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларда дезинфекция қилиш тадбирларини янада кучайтириш, бунда амалга ошириладиган дезинфекция тадбирлари биринчи навбатда коронавирус аниқланган шахслар ишлайдиган ва яшайдиган жойларда бажарилишига эътибор қаратиш;

коронавирус инфекцияси тез тарқалувчи эпидемик аҳамиятга эга бўлган объектларда (режимга мувофиқ фаолият кўрсатишга рухсат берилган ташкилотлар) ишловчи ишчи-ходимларни ҳар 14 кунда
COVID-19 инфекциясига текширишни ташкил этиш чораларини кўриш топширилсин.

5. Туман ҳокимининг ўринбосарлари (Н.Ҳайитов, Ҳ.Алиев, Р.Худойбердиев, З.Рашидова), ички ишлар бўлими (А.Абдураимов), Миллий гвардиянинг 3-алоҳида отряди (У.Ўринов) билан биргаликда:

бир ҳафта муддатда туманда юридик шахслар томонидан санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасидаги норма ва қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш мақсадида туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар ва солиқ инспекцияси, санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси туман филиали ва санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вакилларидан иборат туман секторлари кесимида ишчи гуруҳларини тузсин ва уларнинг тасдиқланган режа бўйича ҳар кунлик фаолиятини ташкиллаштирсин;

маҳаллаларда жисмоний шахслар томонидан санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасидаги норма ва қоидаларни бузганлиги учун маъмурий баённомаларни жойида расмийлаштириш мақсадида доимий патруль хизматини амалга оширсин ҳамда йўналишсиз такси фаолиятини доимий назорат қилиш мақсадида йўл-патрул хизмати, миллий гвардия ва транспорт инспекцияси ходимларидан иборат назорат гуруҳларини ташкил этсин.

6. Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими (З.Рашидова) туман ички ишлар бўлимии (А.Абдураимов) билан биргаликда маҳалла фуқаролари йиғинлари профилактика инспекторлари иштирокида хонадонларда турли оммавий тадбирларни ўтказишни олдини олиш ва ушбу масала юзасидан масъулиятни оширсин ҳамда тушунтириш ишларини кучайтирсин;

маҳаллаларнинг тоифасидан келиб чиқиб, оммавий тадбирларни зарур бўлган тақдирдагина Республика махсус комиссиясининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилган ҳолда ихчам ўтказилишини назоратга олсин.

7. Туман ички ишлар бўлими (А.Абдураимов), Миллий гвардиянинг 3-алоҳида отряди (У.Ўринов), санитария-эпидемиология осойишталик маркази (А.Сатторова) ҳамда бошқа алоқадор идоралар билан биргаликда:

карантин қоидаларини бочқичма-босқич юмшатилаётганлигини инобатга олиб, туман ҳудудига республиканинг бошқа ҳудудларидан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юкларнинг мажбурий равишда дезинфекция қилинишини;

йўналишсиз таксиларда йўл кира нархини асоссиз равишда ошириб юборилмаслигини ҳамда Дезинфекция қилинган йўналишсиз таксилардан ташқари автотранспорт воситаларида йўловчи ташишга йўл қўйилмаслигини қатъий назоратга олинишини;

туман аҳолисига хизмат кўрсатаётган транспорт уюшмаларига қарашли йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи транспорт восита (такси)ларини белгиланган тартибда ҳар куни дезинфекция қилинишини таъминласин.

8. Туман тиббиёт бирлашмаси (Э.Ўринов), туман санитария эпидемиология осойишталик маркази (А.Сатторова) билан биргаликда:

биринчи ёрдам кўрсатувчи тиббиёт муассасаларида (РШТЁИМ, туғруқхона ва бошқа шифохоналарда) карантин чекловлари ва дезинфекцион эпидемиологик тартибларни кучайтириш - шифохоналарга мурожаат қилган беморларни саралаш учун алоҳида қабул хоналарини ташкил этиш, мурожаат қилган фуқароларга COVID-19 инфекциясига чалинган бемор сифатида қараш ва уларни зудлик билан изоляция қилиш чораларини кўриш, санитария-гигиеник ва дезинфекцион эпидемиологик тартибларни бажарилиши устидан назорат қилиш, тана ҳарорати кўтарилган беморларни мониторинг қилиш учун малакали эпидемиологларни жалб қилиш чораларини кўрсин.

9. Туман молия бўлими (Н.Мусоев), аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (Ж.Файзуллаев) ва тегишли идоралар билан биргаликда карантин амал қилиш даврида аҳолининг реал даромадларини барқарорлигини таъминлаш мақсадида бюджет ташкилотлари ишчи ходимларига қонунчиликда белгиланган тартибда ойлик иш ҳақлари узлуксиз ва ўз вақтида тўланишини таъминлаб борсин ҳамда туман бандлик даражасини тушиб кетмаслик бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирларни амалга оширсин.

10. Туман ички ишлар бўлими (А.Абдураимов), туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими (З.Рашидова), санитария-эпидемиология осойишталик маркази (А.Сатторова) билан биргаликда коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб уй шароитида карантинга жойлаштирилган шахслар томонидан карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан қатъий ва тизимли назорат ўрнатсин ҳамда карантин ўташ даврида ушбу шахсларни биринчи навбатдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, ниқоб ва тиббий буюмлар (дезинфекция воситалари ва бошқалар) билан таъминлаш чораларини кўрсин.

11. Идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотлар раҳбарлари (иш берувчилар)га қуйидагиларга риоя этишлари тавия этилсин:

ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш тартибини жорий этиш;

иш жойларида ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва тана ҳарорати юқори бўлган ходимларни иш жойида бўлишига йўл қўймаслик ҳамда ушбу ходимлар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар етказиш.

12. Туман сектор раҳбарлари, туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази (А.Сатторова) карантин даврида тумандаги барча деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари кириш-чиқиш жойларини тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш чораларини кўрсинлар.

13. Санитария эпидемиология назорати инспекцияси туман филиали (Ш.Ашуров) Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги 21-сонли йиғилиш баёни билан коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда муайян фаолият турларини амалга оширишга рухсат берилган субъектларда "Сovid-19 эпидемияси даврида чеклаш тадбирларини қўлланиши шароитида давлат ва хўжалик бошқаруви, шунингдек мулкчилик шаклидан қатъий назар ишлаб чиқариш ва бошқа турдаги корхоналарнинг фаолиятини ташкил қилиш тўғрисидаги вақтинчалик санитария қоида ва меъёрлари” (0372-20-сон СанҚваМ) (кейинги ўринларда Санитария қоидалари)га риоя қилиниши устидан назоратни кучайтирсин;

санитария қоидаларини бузган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан қонунда белгиланган жавобгарлик чораларини кўриб борсин.

14. Туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази (А.Сатторова), тиббиёт бирлашмаси (Э.Ўринов), адлия бўлими (А.Асадов), корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан биргаликда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияси асосида коронавирус инфекциясининг профилактикасини тарғиб қилувчи буклет, эслатма ва тарқатма материалларини тайёрлаб уларни барча корхона ва ташкилотларга етказиб берсин.

15. Тумандаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига:

барча ишчи ходимларнинг эшикларига қўлларни дезинфекцияловчи воситалар билан зарарсизлантириш ва тез-тез ювиб туриш, тиббий ниқобда бўлиш, ижтимоий масофани (2 метр)ни сақлаш, ходимда қуруқ йўтал, иситма, ҳолсизлик ва шунга ўхшаш клиник белгилар пайдо бўлса, зудлик билан "103” рақамли тез ёрдамга мурожаат қилишни назарда тутган эслатмалар ўрнатиш тавсия этилсин.

Туман ҳокимининг ўринбосари (Р.Худойбердиев), туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи (Р.Ортиқов) билан биргаликда ишчи гуруҳлар тузган ҳолда ушбу тавсияларга риоя этилишини ўрганиб борсин.

16. Туман ички ишлар бўлими (А.Абдураимов), туман мудофаа ишлари бўлими (О.Сирожиддинов), туман фавқулодда вазиятлар бўлими (Ш.Асадов), Миллий гвардиянинг 3-алоҳида отряди (У.Ўринов) туманда карантин амал қилиш даврида жамоат тартибини сақлаш чораларини янада кучайтирсин.

17. Туман ҳокимининг ўринбосари (Р.Худойбердиев)га туман ҳокимлиги матбуот котиби (А.Умедов), санитария-эпидемиология осойишталик маркази (А.Сатторова), тиббиёт бирлашмаси (Э.Ўринов), "Қизилтепа тонги” газетаси таҳририяти давлат унитар корхонаси (Р.Мақсудов) билан ҳамкорликда:

коронавирус инфекцияси аниқланган янги манзиллар ҳақида аҳолини доимий равишда хабардор қилиш;

коронавирус билан касалланган беморларнинг розилигини олган ҳолда касалланганларнинг даволашдаги қийинчиликлари ва унинг инсон саломатлиги учун кутилмаган оқибатлари ҳақида туман газетасида ёритиш;

кўчаларда ва бошқа жамоат жойларида фуқароларнинг ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш ва бошқа ҳимоя чораларини кўриш зарурлигини эслатадиган ижтимоий рекламаларни кучайтириш;

оммавий ахборот воситалари, жумладан ижтимоий тармоқлар орқали санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасидаги қоида ва нормаларга риоя этилиши бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш ҳамда карантин қоидаларини бузган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан кўрилаётган чоралар тўғрисида лавҳаларни кўпайтириш чораларини кўриш;

ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг тушунтириш ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш;

масъул корхона, ташкилот ва муассасаларни жалб қилган ҳолда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият тўғрисида тўлиқ ва ҳолисона маълумотларни кенг жамоатчиликка мунтазам равишда етказиб бориш вазифалари юклатилсин.

18. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорларида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш, шу жумладан улар билан ўрнатилган чекловларга қатъий амал қилинишини таъминлашда туман сектор раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.

19. Туман ҳокимининг ўринбосарлари (Н.Ҳайитов, Ҳ.Алиев, Р.Худойбердиев, З.Рашидова)Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашининг 2020 йил 29 майдаги сайёр йиғилиши баёни ва мазкур қарорда белгиланган топшириқ ва вазифаларни мутасадди корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши устидан қатъий назорат ўрнатсинлар, топшириқлар ижросини ўз вақтида бажармаган масъулларга нисбатан тегишли жазо чораларини қўллаш юзасидан туман ҳокимига тегишли тартибда таклифлар киритиб борсинлар.

20. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

Туман ҳокими Ш.Набиев

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

ҲУРМАТЛИ ТУМАНДОШЛАР!

ҲУРМАТЛИ ТУМАНДОШЛАР!

Эълонлар / Янгиликлар / Тадбиркорларга / Фукароларга июн 16, 2020

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши

Вазирлар Махкамаси карорлари мар 23, 2020
Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати

Президент фармонлари сен 09, 2019