/ / / ТУМАН ҲОКИМИНИНГ 22.02.2021 ЙИЛДАГИ Қ-2/89-СОНЛИ ҚАРОРИ
Хоким карорлари

ТУМАН ҲОКИМИНИНГ 22.02.2021 ЙИЛДАГИ Қ-2/89-СОНЛИ ҚАРОРИ

Хоким карорлари
baxriddin
97

Туман ҳудудида транспорт воситаларининг мажбурий техник кўригини ташкил этиш ва уни ўтказиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил 9-сон, 320-модда) 6, 25-моддалари, "Йўл ҳаракати ҳавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 йилдаги 15-сон, 197-модда) 17-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги "Транспорт воситаларининг мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш хақида”ги 54-сонли (Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари тўплами, 2003 й., 1-2-сонли, 17-моддаси) ва 2017 йил 22 декабрдаги "Транспорт воситаларининг мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1010-сонли (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.12.2017 й, 09/17/1010/0461-сон) қарорларига мувофиқ транспорт воситаларининг 2021 йилда мажбурий техник кўригини ташкил қилиш ва уни ўтказиш мақсадида

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Туман ҳудудида жойлашган барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.

2. Мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича туман комиссиясининг таркиби 1-иловага, Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ РЎва ИО бўлимида Қизилтепа тумани бўйича рўйхатда турган транспорт воситаларига эга бўлган юридик шахсларнинг 2021 йилги мажбурий техник кўригини ўтказиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

3. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилиши керак:

а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазинли ва ҳавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар бир йилда икки марта;

б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг "а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) икки йилда бир марта;

в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари – (мазкур банднинг "а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) бир йилда бир марта;

г) Тиркамалар кўрикка транспорт воситалари шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади;

д) Навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъий назар, уларнинг ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилиши (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида;

э) уларни ишлаб чиқарилган йилидан қатъий назар, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган (қайта рўйхатдан ўтказилган) кундан бошлаб бир йил ўтгач (мазкур банднинг "а” кичик бандида кўрсатилган холларда бундан мустасно).

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
31 январдаги "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомини тасдиқлаш ҳақида”ги 54-сонли қарорининг
3-бандида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички Ишлар Вазирлигининг ички ва соқчилик қўшинлари, Миллий Хавфсизлик хизматининг харбий бўлиммалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказиши белгиланганлиги инобатга олинсин.

5. Мазкур қарорнинг 3-банди "а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги;

биринчи марта – 1 март – 30 июнда;

иккинчи марта –1 сентябрь – 31 октябрда ўтказилади.

Юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини техник кўриги мазкур қарор билан тасдиқланган техник кўригини ўтказиш жадвали бўйича 1 мартдан
30 июнгача ўтказилади.

Жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситасини навбатдаги техник кўрикка қўйиш санаси жорий кўздан кечириш пайтида ДЙҲХХ органлари ходимлари томонидан белгиланади.

Техник кўрикни бир текисда ўтказиш мақсадида ДЙҲХХ органлари жадваллари тузилиши ва 1 январдан 31 августгача бўлган даврда транспорт воситалари эгалари томонидан транспорт воситаларини навбатдаги техник кўрикдан ўтказиш учун тақдим этишнинг аниқ саналари (ойлари)ни белгилаш мумкин.

Транспорт воситалари эгалари транспорт воситаларини навбатдаги техник кўрикка ДЙҲҲХ органлари томонидан белгиланган муддатдан кечиктирмай тақдим этишлари шарт.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ 2018 йил 1 январдан бошлаб транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларининг техник ҳолати тадбиркорлик субъектлари-юридик шахслар томонидан ҳам текширилиши мумкинлиги;

2021 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситалари тадбиркорлик субъектлари-юридик шахслар томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши маълумот учун қабул қилинсин.

7. Юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари техник кўриги транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилган (вақтинча рўйхатдан ўтказилган) жойда;

зарур шарт-шароитларга (техник диагностика ускуналарига, кўтариш мосламаларига ёки қараб чиқиш учун чуқурчаларга, назорат-ўлчаш асбобларига, асфальт ёки бетон қопланган бир текис горизонтал майдончага) ва малакали мутахассисларга эга бўлган ташкилотларда;

Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБнинг диагностика станцияларида;

Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан ўрнатилган техник назорат постларида ўтказилади.

Юридик шахсларнинг транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш жойлари Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБнинг худудий бўлинмалари томонидан белгиланади.

8. Жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларининг техник кўриги транспорт воситалари рўйхатдан ўтказадиган (вақтинча рўйхатдан ўтказадиган) жойдаги;

ТХСда;

Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ диагностика станцияларида;

Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ бўлинмалари томонидан белгиланган техник назорат постларида;

транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш учун зарур
шарт-шароитларга эга бўлган жамоавий гараж ҳудудида, автомобиллар тўхташ жойларида;

жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги транспорт воситаларининг техник регламентлари ёки стандартлар талабларига, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари, нормаларига мувофиқлиги тадбиркорлик субъектлари-юридик шахслар (кейинги ўринларда Субъектлар деб аталади) томонидан (жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги транспорт воситалари) ўтказилади.

Бунда ТХС ва Субъектлар кўрсатиладиган хизматлар учун қатъий белгиланган нархларни белгилашлари зарурлиги кўрсатиб ўтилсин.

9. Транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилгани учун йиғим ундирилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2003 йил
31 январдаги "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомини тасдиқлаш ҳақида”ги 54-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган тартибларга қатъий риоя қилинсин.

10. Транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказиш туман комиссияси раҳбарига:

транспорт воситалари техник холати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;

ҳар қайси транспорт воситаларининг техник ҳолати ва жихозлари техник регламентлар ёки стандартлар талабларига, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари ва нормаларига мувофиқлиги жихатидан текшириш;

газ ёнилғисида ишлаш учун қайта жихозланган транспорт воситаларини техник кўздан кечиришда газ баллонларнинг синовдан ўтказиш муддатлари, газ баллони анжомларининг белгиланган талабларга мувофиқлиги хам текширилишини таъминлаш вазифалари юклатилсин.

11. Туман Ички ишлар бўлими (А.Қ.Абдураимов)

тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш амалиёти ва самарадорлигини доимий мониторингини ва ҳар томонлама таҳлил қилиб боришини таъминласин;

мониторинг ва таҳлил натижалари бўйича, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларининг жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича функцялари тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларга ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда, 2021 йил 1 октябрга қадар муддатда транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритилсин;

мазкур қарорнинг мақсади ва мазмуни, шу жумладан жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш тартибини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни ташкил қилсин;

12. Мазкур қарор "Қизилтепа тонги” газетасида расмий эълон қилиш ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш туман ҳокимлиги матбуот котиби А.Умедовга юклатилсин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Алиевга, ижросини ташкил қилиш туман Ички ишлар бўлими бошлиғи А.Қ.Абдураимов зиммасига юклатилсин.

14. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Туман ҳокими:    Ш.Набиев.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

Туман ҳудудида юридик ва жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларининг техник кўригини ташкил этиш ва уни ўтказиш тўғрисида

Туман ҳудудида юридик ва жисмоний шахсларга тегишли

Тадбиркорларга / Фукароларга / Хоким карорлари фев 15, 2020

Туман ҳудудида юридик ва жисмоний шахсларга тегишли

Хоким карорлари мар 14, 2019