/ / / Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида
Президент фармонлари

Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида

Президент фармонлари
baxriddin
14

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигида 20 миллион гектардан ортиқ, шу жумладан, 3,2миллион гектар суғориладиган экин ер майдонларидан фойдаланиб, аҳолининг эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотлари, иқтисодиёт тармоқлари учун зарур хом ашё етиштирилмоқда.

Суғориладиган майдонларнинг унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш мақсадида давлат дастурлари доирасида кенг кўламли ирригация ва мелиорация тадбирлари амалга оширилмоқда.

Натижада 2008-2017 йиллар мобайнида 1,7миллион гектардан ортиқ суғориладиган майдонларнинг сув таъминоти ҳамда 2,5 миллион гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди.

Бироқ глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги йилларда даврий равишда кузатилаётган сув танқислиги ва ички ирригация тармоқларининг асосий қисми яроқсиз ҳолатга келганлиги суғориладиган экин ерларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашишига ва йиллар давомида фойдаланишдан чиқиб кетишига олиб келган.

Республикада йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш, шунингдек, бу ишларда салоҳиятли инвесторлар иштирокини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;

Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;

2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг прогноз кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;

2019-2022 йиллар давомида қишлоқ хўжалиги ерларида сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш доирасида халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш ва давлат-хусусий шерикликни жорий этиш бўйича ишчи гуруҳи(кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳи) 5-иловага мувофиқ таркибда тасдиқлансин.

Ишчи гуруҳи (Ж.А.Қўчқоров, А.Ж.Вахабов, Ж.А.Ходжаев)га:

халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда эксперимент тариқасида 2019 йилда Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманларидаКонцепцияни амалга ошириш тажрибасини яратиш;

эксперимент натижалари асосида 2019 йил 1 ноябрга қадар Концепцияни амалга ошириш тажрибасини бошқа ҳудудларда жорий этиш, шу жумладан, ер ва сувдан фойдаланиш соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг аниқ шартларини, қўшимча имтиёзлар, алоҳида имтиёзли кредит линияларини ҳамда фойдаланишга киритилган ер ва сувдан фойдаланиш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилсин;

заруратга кўра, мазкур Фармоннинг 2-4-иловаларида белгиланган муддатлар ва ҳудудларни ўзгартириш ҳамда уларга қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.

3. Белгилансинки, Концепцияни амалга ошириш доирасида ирригация-мелиорация тармоқларини тиклаш, реконструкция қилиш, сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда сувсизликка чидамли экинларни экиш орқали фойдаланишга киритиш учунинвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида 50 йилгача бўлган муддатга:

қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар, шунингдек, лалми ва ўрмон фонди ерлари – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига;

яйлов, бўз, кўп йиллик дарахтзорлар ва бошқа ерлар –Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган инвесторларга берилади.

4. Концепцияни амалга ошириш доирасида ер майдонларини фойдаланишга киритишда:

ердан фойдаланувчиларга қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштириш, ерга ишлов бермасдан экин экиш ва ерларни иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқи берилади;

мазкур ер майдонлари мақбуллаштирилмайди, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилади;

ушбу ер майдонларида барпо этиладиган инфратузилма объектларини (дала шийпон, маҳсулотлар сақланадиган омборхоналар, суғориш иншоотлари ва бошқалар) жойлаштиришга рухсат берилади;

ердан фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар, техника, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда божхона тўловлари (қўшилган қиймат солиғидан ташқари) тўлашдан озод қилинади;

қонунчиликда белгиланган имтиёзли давр якунланганидан сўнг янгидан фойдаланишга киритилган ер участкасига нисбатан 10 йил давомида ушбу ер участкаси фойдаланишга киритилгунга қадар белгиланган солиқ ставкалари қўлланилади;

инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган қисми қоплаб берилади;

инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ерларнинг сув таъминоти тизимларини қуриш, реконструкция қилиш учун жалб этилган кредитларнинг бир гектар ҳисобига 40 миллион сўмдан ошмайдиган қисмига тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 5 фоизлик пункти қоплаб берилади;

ер майдонлари инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланганидан сўнг қонун ҳужжатларида ваколат берилган давлат органи (мансабдор шахс)нинг қарорига асосан ажратиб берилади.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофазага олиниб, ушбу ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларга, шу жумладан, саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун ажратилишига йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ажратиладиган ерлар бундан мустасно;

қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун олиб қўйиладиган суғориладиган ерлар учун компенсация тўлови, олиб қўйилаётган ер майдонлари жойлашган жойларни ҳисобга олувчи коэффициентлар қўлланилмаган ҳолда, худди шундай янги ерларни ўзлаштириш учун талаб этиладиган маблағнинг 10 баробари, лалми ерлар ва суғорилмайдиган кўп йиллик дарахтзорлар эгаллаган ерлар, пичанзорлар ва яйловлар ҳолатини тубдан яхшилаш билан боғлиқ харажатларнинг 20 баробари миқдорида ҳисобланади.

Бунда суғориладиган ерлар учун компенсация тўловининг 90 фоизи, лалми ерлар ва суғорилмайдиган кўп йиллик дарахтзорлар эгаллаган ерлар, пичанзорлар ва яйловлар учун компенсация тўловининг 95 фоизи Республика бюджетига ҳамда мос равишда 10 ва 5 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларининг махсус ҳисобрақамларига ўтказилади.

Ушбу меъёр ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарарни ҳисоблашда ҳам қўлланилади ҳамда ҳисобланган маблағларнинг 95 фоизи Республика бюджетига ва 5 фоизи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий инспекцияларининг ривожлантириш жамғармасига ундирилади;

суғориладиган ерлар ҳисобидан боғдорчилик, узумчилик ва бошқа кўп йиллик дарахтзорлар ҳамда иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш учун ер ажратиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб асосида амалга оширилади;

янги фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмалари сувдан фойдаланиш жойларида сувнибошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан мажбурий тарзда жиҳозлаш шарти билан ташкил этилади;

ер майдонларини фойдаланишга киритиш сувни тежовчи технологиялардан(томчилатиб, ёмғирлатиб, тупроқ остидан томчилаб суғориш ва бошқалардан) фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

а) мазкур Фармоннинг 3-иловасида белгиланган қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун талаб этилаётган маблағлар,2019-2029 йиллардаги Инвестиция дастури доирасида давлат бюджетидан мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратиладиган маблағларнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча равишда йўналтирсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг ҳисоб-китоблари асосида "Минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш” Дастурида кўзда тутиладиган қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга яроқли бўлган ер ости сувлари захирасини аниқлаш ишларини молиялаштириш учун давлат бюджети ҳисобидан маблағ ажратсин;

в) Сув хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартибини;

ер майдонлари эгаларининг тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишни рағбатлантирувчи механизмларни назарда тутган ҳолда табақалаштирилган солиқ имтиёзларини жорий қилиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

бир ой муддатда илғор халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда, ердан фойдаланиш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларнинг намунавий шаклларини ишлаб чиқсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

а) Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 октябрга қадар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини иккиламчи ижарага беришни назарда тутувчи қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) суғориладиган ва лалми ерлар, тоғ ва тоғолди ҳамда чўл-яйлов ҳудудларининг тупроқ унумдорлигини ошириш, сув ва бошқа табиий ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилишини;

замонавий усуллар асосида мамлакат озиқ-овқат таъминоти барқарорлигига эришиш учун янги серҳосил қишлоқ хўжалиги экинлари, уларнинг бирламчи уруғчилигини яратиш бўйича илмий тадқиқотлар ташкил этилишини ва ҳаётга татбиқ этилишини таъминласин;

в) Фармонда кўрсатилган вазифалар ижросини тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида вазирлик таркибида қўшимча 4 та штат бирлигидан иборат масъул бошқарма ташкил этсин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2020 йил 1 январдан бошлаб:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда ҳар йили 1 ноябрга қадар мазкур Фармоннинг 3-иловасида тасдиқланган майдонларнинг кейинги йилда қайта тикланадиган ва фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари манзилли рўйхатини шакллантириб, тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин;

пахта ва ғалла етиштириш рентабеллиги паст бўлган майдони умумий майдоннинг 50 фоиздан ортиқ бўлган туманларнинг барча экин майдонларини ирригация ва мелиорация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш шарти билан пахта ва ғаллани тўлиқ қайта ишлашни ташкил этувчи Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган инвесторларга бериш юзасидан таклифлар киритсин;

ушбу туманларда ташкил этиладиган пахта ва ғаллачилик йўналишидаги инвесторларга мазкур Фармоннинг 4-бандида назарда тутилган имтиёзлар қўлланилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ҳукумат бўйсунувида қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш юзасидан давлат назоратини амалга оширувчи тегишли тузилма ташкил этилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига:

Концепция ва уни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси”нинг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимларининг ахборотларини ҳар чоракда Сенат, Қонунчилик палатаси ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида эшитиб борилишини таъминлаш тавсия этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Ж.Вахабов зиммасига – Фармоннинг 3- ва 4-иловаларидаги прогноз кўрсаткичларни, Концепция ва уни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси”нинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишини мониторинг қилиш ва зарурий чораларни кўриб бориш;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига – Концепция ва уни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси”нинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишини таъминлаш ҳамда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р.Хамраев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига – Фармоннинг 4-иловасидаги прогноз кўрсаткичлари ижросини таъминлаш, фойдаланишга киритилган майдонларда сув тежовчи технологияларни қўллаш, ирригация тармоқларида сув йўқотилишини камайтириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қўшимча сув омборларини қуриш;

Ўзбекистон Республикаси инвестиция ва ташқи савдо вазири С.Ў.Умурзоқов зиммасига – Фармоннинг 3- ва 4-иловаларидаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида халқаро молия институтлари ва чет эл инвесторлари маблағларини жалб қилиш бўйича жавобгарлик юклансин.

12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда унда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ёритиб бориш тавсия этилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                   Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 17 июнь

"ЎзА"дан олинди

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини

Президент карорлари авг 01, 2019
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер

Президент карорлари авг 27, 2019
Жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш,

Президент фармонлари авг 26, 2019