/ / Қизилтепа тумани ҳокими Ш.Ш.Набиевнинг 2016 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари юзасидан ҳисоботи
Махаллий кенгаш / Хисоботлар

Қизилтепа тумани ҳокими Ш.Ш.Набиевнинг 2016 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари юзасидан ҳисоботи

Махаллий кенгаш / Хисоботлар
rustamjon
595
Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 14 январида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2017 йилда мўлжалланган иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев иштирок этди ва "Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” мавзусида маъруза қилди. 
Ўтган 2016 йилда туманнинг ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, жаҳонда моливий – иқтисодий инқироз давом этилаётганлигига қарамай, айнан ана шу энг муҳим вазифалар иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларига жиддий ўзгартиришлар киритиш учун пойдевор бўлиши керак. 
Иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича чора-тадбирлар ва инвестиция лойиҳаларининг фаол амалга оширилиши, шунингдек замонавий инфратузилманинг шакллантирилиши натижасида инвестициялар ўзлаштирилишининг мунтазам ошишига олиб келмоқда.
Ўтган 2016 йилда туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 406 млрд сўмга ёки 115,6 фоизга, ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 284,7 млрд сўмга ёки 114,6 фоизга, халқ истеъмол моллари 264,8 млрд сўмга ёки 117,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 487,5 млрд сўмга ёки 107,6 фоизга, қурилиш ишлари 194,7 млрд сўмга ёки 108,2 фоизга, чакана савдо айланмаси 490,7 млрд сўмга ёки 119,6 фоизга, асосий капиталга киритилган инвестициялар 69,7 млрд сўмга ёки 113,1 фоизга ва жами хизматлар ҳажми 225,4 млрд сўмга ёки 116,3 фоизга ошиши таъминланди.
Туманда фаол инвестиция сиёсатини амалга оширилиши ҳисобидан саноат тармоқларини, йўл-транспорт ва комуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича 582 та лойиҳалар ишга туширилди.
Жумладан, саноат дастури ижроси натижасида умумий қиймати 18 млрд. 661 млн сўмлик 40 та лойиҳалар амалга оширилиб, 855 та янги иш ўринлари яратилди ва 20,0 млрд.сўм қўшимча саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилди. 
Шунингдек, 2016 йилда қишлоқ хўжалиги йўналишида жами 227 та лойиҳа шу жумладан қорамолчилик йўналишида 51 та лойиҳа, паррандачилик йўналишида 14 та лойиҳа, балиқчилик йўналишида 27 та лойиҳа ва асаларичилик йўналишида  55 лойиҳалар ишга туширилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 25 млрд 302 млн.сўм, шу жумладан 17 млрд 230 млн.сўм банк кредитлари ва 8 млрд 72 млн.сўм лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари сарфланди.
Бундан ташқари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида лойиҳа қиймати 9 млрд 876 млн.сўм бўлган 107 та шахобча ишга туширилди ва улар ҳисобидан 304 та янги иш ўринлари яратилди.
Солиқ тушумлари, айниқса туман маҳаллий бюджети даромадларини кўпайтириш, аҳолининг ер ва мулк солиқларини ўз вақтида ундириш мақсадида корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида таҳлиллар асосида йиғилишлар ўтказилди. Амалга оширилган ишлар натижасида туман бўйича солиқ ва бошқа тўловлар режаси 61 млрд 682 млн.сўм миқдорида белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 62 млрд 67 млн. сўмга ёки 100,6 фоизга ортиғи билан бажарилди. 
Туман маҳаллий бюджетининг 2016 йил харажатлар қисми  83 млрд. 281,9 млн.сўм миқдорида белгиланган бўлиб ҳақиқатда   83 млрд 367,3 млн.сўмга ёки 100,1 фоизга бажарилди.
Туман маҳаллий бюджети харажатларининг 52 фоизи таълим – тарбия соҳасига, 27 фоизи соғлиқни сақлаш соҳасига ва 6 фоизи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ёш болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам тўловларига  йўналтирилди.
Туман маҳаллий бюджетининг юқори бюджетдан олинадиган субвенция миқдори 8.8 млрд. сўмни ёки улуши 11.3 фоизни ташкил этиши белгиланиб, туманда янги ташкил этилган 211 та корхоналар томонидан давлат бюджетига қўшимча маблағ туширилиши ҳисобига туман маҳаллий бюджети 2016 йил якуни билан субвенциядан чиқарилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромоновичнинг ташаббуси билан Республика "Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағи ҳисобидан 400 млн.сўм эвазига тумандаги кўп қаватли уй-жойларнинг 2,8 км ички йўл ва йўлаклари ҳамда Республика йўл жамғармаси ҳисобидан  600 млн.сўм эвазига 1,9 км ички йўллар таъмирланди.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари замонавий бинолар билан таъминлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган бўлиб, жорий йилда 4 та Ғамхўр, Ўртақўрғон, Тожикон ҳамда Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинларига замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, туманимизда хам ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш учун янада қулай шарт - шароитлар яратишга қаратилган чора - тадбирларни ҳар тамонлама қўллаб – қувватланганлиги натижасида ушбу соҳа тез суръатлар билан ривожланмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг 2016 йил 27 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги 2699-сонли қарори ҳамда ўзгартиришлар киритилган қонун ҳужжатларига мувофиқ бир қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликларига тўхталиб ўтсам,
-экспорт қилувчи корхоналар учун янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг мажбурий сотув миқдори 50 фоиздан 25 фоизга пасайтирилди.
-Жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган ер солиғини ҳисоблаш жараёнини соддалаштириш мақсадида, шаҳарлар ва шаҳарчаларда (Тошкент шаҳридан ташқари) зоналар бўйича табақалаштириш бекор қилиниб, ер солиғи ставкалари унификация қилинди ва ягона базавий ставка белгиланди. (Мисол учун илгари туманимиздаги 12 та шаҳарчалар мақоми берилган маҳаллаларда табақалашган солиқлар ставкаси белгиланган эди)
Ҳаммаларингизга маълумки, туманимиз иқтисодиётида асосий ўринларидан бирини эгаллайдиган қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, селекция ишларини яхшилаш, ғўза ва бошоқли дон экинларининг районлаштирилган навларини жорий қилиш ва замонавий агротехнологияларни ўзлаштириш соҳасида талайгина иш олиб борилмоқда.
2016 йилда тумандаги фермер хўжаликлари томонидан пахта етиштириш режаси 25157 тонна белгиланган бўлиб 26748 тоннага ёки 106,3 фоизга бажарилди. Ғалла етиштириш режаси  22938 тонна белгиланган бўлиб 25179 тоннага ёки 109,7 фоизга бажарилди.
2016 йил давомида 728,5 минг.долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари ва саноат маҳсулотлари экспорт қилинди. Натижада 2015 йилга нисбатан 4,2 баробар ортиқ маҳсулот экспорт қилинди ва 4 турдаги янги махсулотларнинг экспорти йўлга қўйилди. 
Фермер хўжаликлари экин майдонларини мақбуллаштириш натижасида бугунги кунда туманда барча йўналишдаги фермер хўжаликлари сони 744 тага етди.
Шу ўринда пахтачиликда ҳосилдорлиги паст бўлган ер майдонларини қисқартириш ҳисобига озиқ – овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш хажмини оширишга эътибор қаратилаётганлигини айтиб ўтмоқчиман. Ушбу мақсадда туманда 2016-2020 йилларда 808 гектар пахта майдонлари босқичма – босқич қисқартирилиб унинг ўрнига бошоқли дон, картошка, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш билан бир қаторда сут, гўшт, тухум ва балиқ маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш кўзда тутилмоқда. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга жўнатиш кўпайтирилиши белгилаб қўйилди.
Аҳоли пунктларини тубдан ўзгартириш, қишлоқ жойларида аҳолининг турар-жой шароитларини яхшилаш ва инфратузилмани ривожлантириш, худудларнинг инвестиция салоҳиятини оширишга қаратилган қатор дастурлар асосида қурилиш ишларининг ҳажми йилдан - йилга ошиб бормоқда.
Туманда 2016 йилда бюджет маблағларининг 13 млрд 600 млн.сўм ҳисобига 6 та ижтимоий соҳа объектлари қуриб фойдаланишга топширилди.
Жумладан, Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида туманимиз тарихида биринчи маротаба "Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси”нинг 3 млрд сўмлик маблағи ҳисобига 2 қаватли замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси (бассейн) қуриб фойдаланишга топширилиши, туманимиз халқига айниқса ёш авлодларимизга муносиб совға бўлди. Шунингдек, 1 млрд 100 млн.сўм маблағ ҳисобига 140 ўринли 4-мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирланди, 600 млн.сўм маблағ ҳисобига  17-умумтаълим мактабига 12х24 ўлчамда спорт зал ҳамда тумандаги агроиқтисодиёт касб ҳунар коллежига 764 млн.сўмга 60 ўринли ўқув ишлаб чиқариш устахонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, 2 млрд 592 млн.сўм маблағ ҳисобига туман Тиббиёт бирлашмасини реконструкция қилиш ишлари бажарилди. 
Шунингдек, 3 та Айрончи, Дехқонобод ва Кенагаз қишлоқ врачлик пунктлари 1 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига капитал таъмирланди.
Шу билан бирга, жорий йилда 9 та массивда умумий қиймати 18 млрд.сўмга тенг бўлган 97 та намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги 2639-сонли қарори билан "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш Дастури” асосида туманимизда ҳам 2017 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган жами 125 та уйнинг қурилиши бошлаб юборилди. 
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатига устувор йўналиш сифатида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Биргина, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 
6 февралдаги ПҚ-2124-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури бу борада амалга оширилаётган ишларнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.
Мазкур дастур асосида туманда мутасадди ташкилотлар томонидан 200 дан ортиқ маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ҳамда ҳуқуқий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари, фестиваллар ва тарғибот лойиҳалари, шунингдек 20 тадан ортиқ кўрик-танлов ва спорт мусобақалари ўтказилди.
Натижада, Дастурга мувофиқ ўтказилган барча акция ва лойиҳалар асосида ташкил этилган тадбирларга жами 
13 мингдан ортиқ туманимиз ёшлари қамраб олинди.
Республика танлов ва мусобақаларида 41 нафар туманимиз ёшлари ғолибликни қўлга киритиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 22 тага ошди.
Туманда аҳоли бандлигини ошириш, кичик бизнесни ривожлантириш соҳасида яратилган кенг имконият ва преференциялар янги иш ўринлари ташкил этишга катта имкониятларни яратмоқда.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида ўтган йили туманимизда Бандлик дастурига асосан  6037 та янги иш ўринлари яратилди.
Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш доирасида ишлаб чиқилган дастурлар янги иш ўринлари яратишнинг асосий омили бўлиб хизмат қилди. 
Биргина ўтган йилнинг ўзида саноат салоҳиятини ошириш, хизмат ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича 210 та лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида 1289 та янги иш ўринлари яратилди.
Жумладан: саноат  махсулотлари  ишлаб  чиқаришни йўлга қўйишда 44 та  лойиҳалар ҳисобига 870 та иш ўрни, хизмат кўрсатиш ва  сервисни  ривожлантиришда  107 та лойиҳа ҳисобига 304 та иш ўрни, қишлоқ хўжалик соҳасини яъни, паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчиликни ривожлантиришда 59 та лойиҳа ҳисобига 115 та иш ўрни, ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклашда 35 та лойиҳа ҳисобига 193 та иш  ўринлари яратилди. 
Бундан ташқари, тижорат банкларининг кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил этиш учун ажратиладиган кредитлари ҳисобида 1530 та иш ўринлари, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобида 945 та, уй меҳнатининг барча шаклларини ташкил этиш ҳисобида 218 та ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш  ҳисобига 1730 та янги иш ўринлари яратилди.
Туман бўйича 2015-2016 ўқув йилида тумандаги 6 та касб-ҳунар коллежларини 38 та йўналиш бўйича 1762 нафар ўқувчилар битириб, 648 та ташкилот, корхона ва муассасалар билан тўрт томонлама шартномалари тузилди. 
Бундан ташқари, тумандаги коллежлар битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича ҳар бир коллежга алоҳида банк беркитилиб, жами 189 нафар битирувчига 3 млрд 679,8 млн сўмлик кредитлар ажратилди.
Бандлик дастурига асосан ҳар бир яратиладиган иш ўрни бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилиб, халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида тасдиқланди. 
Туман аҳолиси бандлигини таъминлашда янги иш  ўринлари  яратишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари муҳим аҳамият касб этади. Шуни  инобатга  олиб,  тумандаги  тижорат  банкларига  ушбу  соҳага  катта  эътибор  берган  ҳолда  тадбиркорларимизга  мададкор  бўлади деган умиддаман.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги "Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги 2487-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида 11 бўлим, 93 банддан иборат туман Дастури тасдиқланиб, Дастурни амалга оширишда режалаштирилган 34 млрд 677 млн 400 минг сўм ўрнига 36 млрд 334 млн сўм маблағлар сарфланиб, дастур ижроси 105 фоизга бажарилди.
Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 24 сентябридан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди. 
Ушбу қабулхонага ўтган йил мобайнида туманимиздан 97 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 19 таси ҳал қилинган, 18 таси қаноатлантирилган, 60 таси бўйича тушунча берилган.
Жумладан, фуқароларимиз томонидан тушган мурожаатларнинг аксарияти ер ва уй-жой масалалари, шунингдек, моддий ёрдам масалалари бўйича мурожаатларни ташкил қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 январда бўлиб ўтган йиғилишида Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасини кенг муҳокама қилиш давомида келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда, 2017 йил учун мўлжалланган иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифани белгилаб бердилар.
Муҳтарам Президентимиз томонларидан белгилаб берилган ушбу энг муҳим устувор вазифаларидан келиб чиқиб, 2017 йилда туманимиз ижтимоий – иқтисодий ҳаётининг ҳам барча йўналишларида мавжуд имкониятларни ишга солиш орқали муваффақиятларга эришишимиз ва қуйидаги вазифаларни амалга оширишимиз талаб этилади: 
биринчидан, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да "Халқ қабулхонаси”ни  ташкил этиб, фуқароларнинг ҳар бир мурожаатларига жиддий ёндошган ҳолда муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш.
иккинчидан, Алоҳида тасдиқланган жадвал асосида тумандаги 27 мингдан ортиқ хонадонга бирма-бир юриб, у ердаги муаммоларни ҳал этиш, ушбу хонадонларда томорқадан фойдаланиш, ободонлаштириш, оилавий муҳит, санитария ҳолатларини яхшилашни ҳамда 1275 нафар кам таъминланган, 3300 нафар чет давлатларга кетган 1626 нафар коллеж битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига йўналтиришни ташкил этиш.
2017 йилда тасдиқланган Бандлик дастурига асосан туманда 5546 та янги иш ўринлари ташкил этиш.
учинчидан, Аҳоли вакиллари билан ҳамкорликда тумандаги таъмирталаб ички йўлларни жорий таъмирлаш, архитектура талабларига жавоб бермайдиган хонадонларни таъмирлаш чораларини кўриш.
Бунда, аҳоли ҳамда маҳаллий ҳокимият ўртасида ижтимоий шерикчилик муносабатларидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш.
Туманда қишлоқ массивларида 40 та 1 қаватли  2 сотихлик арзон янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қуриш ва туман марказида 1 та 3 қаватли 24 хонадонли ва 4 та 2 қаватли 42 та жами 66 хонадон кўп қаватли уйлар қуриш ишларини бошлаб, Мустақилликнинг 26 йиллиги байрами арафасида эгаларига топшириш.
тўртинчидан, Туманда ҳокимнинг Халқ депутатлари ва аҳоли ўртасида ҳисоботини йўлга қўйиш. Ҳар бир ҳисоботда кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича кескин чораларни кўриб бориш.
бешинчидан, Қишлоқ хўжалиги соҳасида фермер хўжаликларини моддий техника базаси ривожлантириш, экин майдонларида ўз муддатида ер тайёрлаш ишлари амалга ошириш, мавсумда босқичма-босқич агротехника тадбирларини сифатли амалга ошириш, бунинг натижасида, ҳар гектар майдондан олинадиган ҳосилдорликни ортишига эришиш, шунингдек пахта, ғалла ва пилла шартномавий режаларини ортиғи билан бажариш.
2017 йилда туманда ирригация ва мелеорация тадбирларни амалга ошириш мақсадида 27,4 км зовур тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 3 дона мелеоратив тик қудуқларида реконструкция ишларини амалга ошириш. Шунингдек, 8,3 км суғориш тармоқларини реконструкция қилиш ҳамда 186,9 км зовур тармоқларида таъмирлаш ва тиклаш ишларини амалга ошириш.
олтинчидан, Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларидаги лойиҳаларни амалга ошириш борасида йил якуни билан саноат соҳасида 63 та, қишлоқ хўжалиги йўналишида 76 та, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 100 та жами 239 та лойиҳалар ҳисобига 53 млрд 446 млн.сўм инвестиция йўналтириш ҳисобига 1340 та янги иш ўринлари яратиш.
Шунингдек, "Хўжа Ҳасан” ҚФЙда "Тошработ текстил” МЧЖ томонидан 17 млрд.сўмлик қийматга эга бўлган "болалар ва ўсмирлар учун ҳар хил турдаги кийим кечаклар ишлаб чиқариш”ни ташкил этиш лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 900 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Кейинги этапда ип калава ишлаб чиқариш шу ерни ўзида йўлга қўйилади. Бунинг натижасида қўшимча 300 та иш ўринлари яратиш.
еттинчидан, Ижтимоий соҳа, муҳандислик коммуникация объектларидан 1 та умумтаълим мактабига қушимча бино қуриш,  1 та мактабга спорт зал қуриш, 1 та мактабгача таълим муассасаларини реконструкция қилиш ва 1 тасини капитал таъмирлаш.
саккизинчидан, белгиланган прогнозга асосан туманимиз бўйича 2017 йил қиймати 3 млн 97 минг.долларга тенг бўлган мева – сабзавот маҳсулотларини экспортга жўнатиш ҳамда жўнатиш прогнозлари белгилаб қўйилганлигини ҳисобга олиб, туманимиз фермер хўжаликлари томонидан экспортбоп маҳсулотлар етиштириш чораларини кўриш.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович йил якунлари бўйича сўзлаган маърузаларида "2017-йил ва ундан кейинги даврга белгиланган вазифаларни амалга ошириш учта энг муҳим талаб: 
Биринчи – давлат раҳбари – Президентдан бошлаб барча бўғиндаги раҳбарларнинг якуний натижалар учун шахсий жавобгарлиги. 
Иккинчи – ҳамма соҳада аниқ тартиб ва қаттиқ интизомни таъминлашимиз даркор. Яна бир бор таъкидлайман, ишни биргаликда бажарамиз, натижа учун эса ҳар биримиз шахсан жавоб берамиз. 
Учинчи талаб – қаторларимиз ва кадрларимизнинг софлигини таъминлаш, ишдаги ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бундай иллатларнинг илдизини қуритиш” ҳал этувчи даражада боғлиқлигини таъкидладилар.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

Халқ депутатлари туман Кенгашининг 25 сессияси қарори

Халқ депутатлари туман Кенгашининг 25 сессияси

Махаллий кенгаш / Меъёрий хужжатлар фев 01, 2017
2014 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари

2014 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш

Хисоботлар фев 02, 2015
Халқ депутатлари туман Кенгашининг XXXI-сессияси бўлиб ўтди

Халқ депутатлари туман Кенгашининг XXXI-сессияси

Махаллий кенгаш / Местный совет депутатов дек 14, 2014