Бош саҳифа > Фукароларга > "ШАҲАРГА" САЁҲАТ

"ШАҲАРГА" САЁҲАТ


28-08-2019, 18:48. Муаалиф: rustamjon
Яқинда невараларим билан Қизилтепа туман марказига саёҳат қилдик. Бунёдкорлик ва янгиланишларни анчадан буён кўрмаган неварам "Бобожон, Тошкентга келиб қолдикми?" – деб сўради.
– Йўқ, кичкинтойларим, бу кўркам, гўзал шаҳар туманимиз маркази Қизилтепа бўлади, – дедиму кўз олдимда Қизилтепанинг 40-50 йил олдинги кўриниши гавдаланди.
Келажагимиз давомчилари бўлмиш қақажонларимнинг қўлидан тутиб, аста-секин шаҳримиз кўчалари бўйлаб яёв юрдик. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, ёпиқ сузиш ҳавзаси, болалар мусиқа ва санъат мактаби ва дам олиш учун истироҳат боғи.
Эҳ-ҳе, бир-биридан чиройли, баланд, кўркам бинолар олдидан ўтиб борар эканман, беихтиёр қалбимда ғурур, ифтихор ҳисларини туйдим. Бир текисда ястаниб турган арчалар, равон кўчаларни кезиб, истироҳат боғига келиб қолдик. Аввал мотамсаро она ҳайкалини зиёрат қилдик. Сўнгра болажонларга бу муқаддас аёл  ҳақида тўлқинланиб гапириб бердим. Тўғри-да, фарзандларимиз  дилида бу мўътабар зотга ҳурмат туйғуси жўш уриб туришини истайман, ахир.
Ундан сўнг музейга йўл бошладим. Туманимиз тарихидан сўзловчи экспонатларни ҳайратланиб томоша қилаётган невараларим мени саволларга кўмиб ташлашди. Менга музей ходимаси Флора Исмоилова ёрдам берди. У музейдаги қадимий археологик қазилма-лардан бошлаб уй-рўзғор буюмлари, туманимиз қир-адирларида учрайдиган ёввойи ўсимликлар-у ноёб ҳайвонлар ҳақида тўлиб-тошиб маълумот берди.
Кичик саёҳатчилар туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳада янада ривожланиши учун ўзининг саъйи-ҳара-катларини аямаган тадбиркорлар, спорт соҳасида жаҳон ареналарида мамлакатимиз байроғини кўкларга кўтарган ёшлар ҳақида ҳам бир неча  маълумотларга эга бўлишди.
Саёҳатдан бир олам таассурот билан қайтган болажонлар кўзларида эртанги кунга умид, ишонч, қалбида эса  она Ватанга бўлган муҳаббатни кўриб, кўнглим таскин топди. 
Ҳа, мен  шаҳримиз бўйлаб саёҳат уюштириб, мақсадимга эришдим. 
Зиннатулло ИСОҚОВ,  
Ҳусбуддин МФЙдан. 

Ортга қайтиш