/ / ҚИЗИЛТЕПА ТУМАНИ ҲОКИМИ Ш. Ш. НАБИЕВНИНГ ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТНОМАСИ
Фукароларга

ҚИЗИЛТЕПА ТУМАНИ ҲОКИМИ Ш. Ш. НАБИЕВНИНГ ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТНОМАСИ

Фукароларга
baxriddin
0
387

Ассалому алайкум нуроний отахонлар, мўътабар онахонлар, қадрли ака-ука-ю опа-сингиллар, азиз тумандошлар!

Барчангизга маълумки, бугун дунёнинг деярли барча мамлакатлари коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. Дунё бўйича бу касалликка чалинганларнинг сони 1 миллиондан ошди, у сабабли вафот этганлар сони эса 41 минг нафарга яқинлашди. Ушбу рақамлар коронавируснинг нақадар хавфли эканлигини яққол намойиш этмоқда.

Минг афсуски, коронавирус юртимизни четлаб ўтмади. Айни вақтда мамлакатимизда бу касалликка чалинганлар сони 221 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 25 нафари тўлиқ тузалди, аммо энг қайғулиси ушбу инфекция 2 нафар юртдошимизнинг ҳаётига зомин бўлди.

Қадрли тумандошлар!

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашда барча бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилмоқда. Касалликка қарши курашда, унинг мамлакатимиз бўйлаб кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан белгиланган чора-тадбирлар, шифокорларимизнинг кеча-ю кундуз тиним билмай жонкуярлик кўрсатаётганлари таҳсинга лойиқ, албатта. Бу саъйи-ҳаракатларга жавобан, Сиз ­­– азиз тумандошлар ҳам уйда қолган ҳолда уларга ёрдам бера оласиз.

Мутахассисларнинг ҳисоблашича, ушбу инфекция билан касалланган инсон 14 кунгача ўзида унинг белгиларини ҳис қилмайди ва уни бошқаларга ҳам юқтиради. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 киши бу даврда ушбу инфекцияни камида 400 кишига юқтириши мумкин.

Азиз тумандошлар!

Мамлакатимиз бўйлаб юртдошларимизнинг соғлиғи, уларни коронавирусдан асраш, унинг кенг тарқалиб кетмаслигини олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинганлигидан хабарингиз бор. Юқоридаги рақамларни инобатга олиб, ушбу карантин даврини ўзингиз ва оила аъзоларингизнинг соғлиғи учун уйда – яқинларингиз билан бирга ўтказинг, кўчага чиқишдан тийилинг.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, бозорларимизда барча истеъмол маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, дорихоналарда эса керакли дори-дармон, ҳимоя ниқоблари етарли миқдорда мавжуд ва бундан хавотирланмаслигингизни сўрайман.

Қадрли тумандошлар!

Айни вақтда мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда таълим олиши лозим бўлган болажонларнинг барчаси уйда. Улар энди телевизор орқали эътиборингизга ҳавола қилинаётган видеомашғулотлар ва видеодарслар орқали билим олишмоқда. Сизлардан ушбу ишларда ҳам масъулиятли бўлишни, ўсиб келаётган ёш авлод билим занжирининг узилиб қолмаслиги учун бунга ҳар қачонгидан-да жиддий ёндашишни сўрайман. Уларнинг келажаги Сизга ҳам боғлиқлигини асло унутманг!

Тумандошларимиздан яна шуни алоҳида сўраган бўлардимки, карантиндан самарали фойдаланган ҳолда томорқаларимизга ҳам алоҳида эътибор қаратайлик. Доно халқимиз ерни хазинага тенглигини, томорқани даромад манбаи эканлигини доимо таъкидлайди. Шунинг учун унга озуқабоп экинларни экишни кечиктирмайлик, унинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланайлик. Зеро эртага томорқамиз ҳосилидан оиламиз, яқинларимиз билан бирга баҳра оламиз ва етиштирган маҳсулотимиз мўллигидан завқланамиз.

Азиз тумандошлар!

Бугун Сизларга мурожаат қилар эканман, ушбу оғир ва синовли кунларда ҳар бир тумандошимиз нафақат ўзи, балки оила аъзолари, яқинлари соғлиғи учун ҳам масъул эканлигини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Сизлардан ҳар қандай вазиятда ҳам бирдамликда, шифокорлар тавсияларига амал қилган ҳолда, тушкунликка тушмасдан коронавирусга қарши бирга курашишни сўрайман.

Ваҳимага берилмасдан, ҳаммамиз бирлашсак, аввало ўзимиз ва яқинларимизнинг, шу билан бирга бошқаларнинг саломатлигига бефарқ бўлмасдан уйда қолиб, заруратсиз, эҳтиёжсиз кўчага чиқмасдан, оилада фарзандлар тарбиясига янада эътиборли бўлсак, сабр ва матонатли, меҳнатсевар, меҳр-оқибатли халқимиз билан бирга бу синовни ҳам албатта енгиб ўтамиз.

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

БИЗ ҚАЛБАН БИРМИЗ

БИЗ ҚАЛБАН БИРМИЗ

Фукароларга / Тадбирлар апр 02, 2020
АҲОЛИ ДИҚҚАТИГА!

АҲОЛИ ДИҚҚАТИГА!

Эълонлар / Фукароларга мар 27, 2020
ТУМАН ҲОКИМИ Ш. Ш. НАБИЕВНИНГ ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИКНОМАСИ

ТУМАН ҲОКИМИ Ш. Ш. НАБИЕВНИНГ ХАЛҚАРО

Расмий табриклар / Фукароларга мар 08, 2020