/ / КАРТОШКА – ИККИНЧИ НОНИМИЗ УНИ КЎПАЙТИРИШ ВА ФОЙДАЛАНИШ УЧУН ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШ КЕРАК?
Фукароларга

КАРТОШКА – ИККИНЧИ НОНИМИЗ УНИ КЎПАЙТИРИШ ВА ФОЙДАЛАНИШ УЧУН ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШ КЕРАК?

Фукароларга
baxriddin
1
87

"Қизилтепа тонги” газетаси мухбири Баҳодир ЭГАМОВ Ғойибон маҳалласида истиқомат қилувчи ишбилармон фуқаро – қарийб 30 йилдан буён томорқа экин ерида картошка етиштириб келаётган Намоз ШОКИРОВ билан шу хусусда суҳбатлашди.

Картошканинг асл ватани – Жанубий Америка. Чилидан XVI асрда Испанияга, XVII асрда Россияга келтирилган. Ўзбекистонда картошка 153 йилдан буён экилади.

САВОЛ: Туманимиз шароитида эртанги картошканинг қайси навини ва қачон экиш афзал деб ўйлайсиз?

ЖАВОБ: – Дунё бўйича бу экиннинг 211 тури мавжуд экан. Ўзбекистон иқлими шароитида унинг ўндан ортиқ туридан фойдаланилади. Туманимиз ер шароитига "Санта" нави жуда мос. Салқин ҳавога ҳам, иссиққа, ҳатто жазирамага ҳам анча чидамли. Овқатга солиб, қанча қайнатилса ҳам эзилмайди. Таъми яхши. "Рамоно" ва "Пикассо" навларини синаб кўрдим. Лекин кутилган натижани бермади. Қизил кўринишдаги картошка Самарқанд ва бошқа вилоятларда етиштирилади. Туманимиз шароитида унинг ҳосилдорлиги паст. Чунки бир-мунча салқинсевар.

Экиш муддатига келсак, эртанги картошкани кечи билан февраль ойи учинчи ўн кунлигида эккан маъқул. Чунки бу вақтда экилган картошка май ойи охирида пишиб етилади. Бунинг учун, албатта ер ва уруғи тайёр бўлиши керак.

САВОЛ: – Картошка учун ерни қандай ва қачон тайёрлайсиз?

ЖАВОБ: – Ҳар йил кузда, ҳар сотих ерга 25-30 килограмм миқдорида чиритилган маҳаллий гўнг, ҳар сотихга 2,5-3 килограмм аммофос, 1,6-2 килограмм калий сульфат солиб, 30 сантиметр чуқурликда ағдариб қўяман. Қавсоб сувига, албатта қондираман. Бунинг ҳосилдорликка фойдаси жуда катта. Эртанги картошка учун полиз, айниқса дуккакли экинлардан бўшаган ер яхши. Помидор, бойимжон (бақлажон), қалампир сингари итузумдошлар оиласига мансуб экинлардан бўшаган, шунингдек биринчи йил бузилган бедапоя ерига экиш мумкин эмас. Ана шуларга эътибор қаратаман.

САВОЛ: – Йирик картошкаларнинг туганакларини кесиб экасизми ёки бошқа усулда?

ЖАВОБ: – Картошканинг баҳоргиси анча серҳосил бўлишини амалда синаганман. Шунинг учун уруғликнинг ҳажми тухумдай келадиган, совуткичда қўйилмаганинитанлайман ва январь ойининг учинчи ўн кунлигида туганак ўстириш учун қоронғи, ҳавоси мўътадил хонада устини ёпиб сақлайман. Бунда уруғнинг панжалаб кетмаслиги учун хабардор бўлиб тураман. Бир сантиметрли туганаклар ҳосил бўлгач, то экиш вақти бўлгунча устини очиб, ёруғ жойга кўчираман. Бунда туганак яшил тус олиб, мустаҳкам бўлади ва экиш даврида синмайди.

САВОЛ: – Экиш тартибингиз қандай?

ЖАВОБ: – 70 сантиметр кенгликдаги пушта тайёрлайман. Февраль ойининг 15-кунигача об-ҳаво ҳарорати 6-7 даража илиқ бўлганда, ернинг 10 сантиметр устки қисми ҳарорати мўътадил бўлганда жўякларга экиш оралиғини 10-15 сантиметр қўйиб, уруғни 6-7 сантиметр чуқурликда қадайман. Қатқалоқ бўлмаслиги учун устига майин гўнг сепаман. Тажрибамга биноан ҳар сотихга 35 килограмм картошка уруғи сарфланади. Негаки, экин майдонидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ургутликлар йирик картошкаларга туганак пайдо қилиб, уларни 3-4 қисмга бўлаклаб, тез ривожлантирувчи 9 хил эритмалардан ҳам фойдаланишади. Ҳар туп остидан бир челаккача картошка олишгани гувоҳиман. Бизнинг шароитда уруғни бутун эккан маъқул.

САВОЛ: – Парвариш жараёнингиз қай тарзда кечади?

ЖАВОБ: – Авваламбор, ҳар 3 йилда уруғликни, албатта алмаштириб туриш керак. Картошканинг 4-йилда фойдаланиладиган уруғи ҳосили ниҳоятда кам бўлади.

Мен картошка уруғини текис ундириб олгач, намини қочирмай суғориб тураман. Баҳорги экиш пайтида жўякка майин гўнг сепиб, уни юмшатиш билан кифояланаман. Иккинчи ишловда эса оз миқдорда азотли ўғит киритиб суғораман. Пушта атрофига кетмон текизиш ҳосил тугунакларини нобуд қилади. Бунга йўл қўймайман. Биринчи ишлов даврида азотли ўғит кўп киритилса, экин ғовлаб кетади. Ҳосили кўп бўлса-да, туганаклар пишиши кечикади. Крахмал миқдори камайиб, сақланувчанлиги ёмонлашади.

САВОЛ: – Кузги картошка ҳам етиштирасизми?

ЖАВОБ: – Албатта. 1 августдан то 10 августгача баҳорги картошкадан тайёрланган уруғдан етиштирилган картошка ҳосили ноябрнинг биринчи ўн кунлигида тайёр бўлади.

САВОЛ: – Ҳар йил қанча ҳосил оласиз ва қиш учун қандай сақлайсиз?

ЖАВОБ: – Ҳар йили 7-8 тонна ҳосил олиб, унинг 6 тоннасини сотаман. Истеъмолга ва уруғликка ҳам сақлайман.

Ўз тажрибамни газетхонлар билан баҳам кўрдим. Лекин ҳар бир хонадон соҳибининг ҳам ўз иш услуби, тажрибаси бўлиши мумкин. Картошка етиштиришнинг усуллари жуда кўп. Биров туганакдан, биров ўсимтадан, яна биров қаламчадан фойдаланади. Энг муҳими, ҳозирги даврда ўқиш, изланиш, илғор тажрибаларни ўрганишдан эринмасдан катта ҳосил ва фойда олиш.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

БОДРИНГ ЕТИШТИРИШ ХАРАЖАТИ ВА ДАРОМАДИ

БОДРИНГ ЕТИШТИРИШ ХАРАЖАТИ ВА ДАРОМАДИ

Фукароларга фев 02, 2021
ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛАР ФАОЛИЯТИДАН. ҒОРИДЕВОНДА ИШ ҚИЗҒИН

ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛАР ФАОЛИЯТИДАН. ҒОРИДЕВОНДА ИШ

Янгиликлар янв 26, 2021
“ҲОСИЛ – 2021”. ҒАЛЛАЧИЛИК. МАВСУМ ҲИСОБ СЎРАЙДИ

“ҲОСИЛ – 2021”. ҒАЛЛАЧИЛИК. МАВСУМ ҲИСОБ

Янгиликлар сен 21, 2020

Манзил: Ўзбекистон Республикаси, Навоий вилояти, Қизилтепа тумани, Ўзбекистон кўчаси, 43-уй.
Почта индекси: 210400
Иш вақти: 09:00 - 18:00
Фуқаролар аризаларини қабул қилиш бўлимининг иш вақти: 09:00 - 17:00

Алоқа рақами: +(99879) 555-31-75
факс: (0-436) 555-22-05
Ишонч алоқа рақами: (0-436) 555-22-05
E-mail: qiziltepa@nv.uz

Сайтни юритиш бўйича масъул ходим: Хамроев Бахриддин Баходирович

Маъмурият билан боғланиш ёки бирор масала юзасидан мурожаат этиш

Фойдали мақолалар

Веб-сайт маълумотларидан фойдаланилганда, QIZILTEPA.UZ манбаа сифатида кўрсатилиши шарт!
Сайт ишланмаси - ЦИТО-Навои .