Бош саҳифа > Янгиликлар > ХОДИМНИНГ БОСИМ БИЛАН ИШДАН БЎШАТИЛГАНЛИГИНИ ИСБОТЛАШ МУМКИНМИ?

ХОДИМНИНГ БОСИМ БИЛАН ИШДАН БЎШАТИЛГАНЛИГИНИ ИСБОТЛАШ МУМКИНМИ?


21-02-2021, 09:57. Муаалиф: baxriddin

Савол: – Ходимнинг босим билан ишдан бўшатилганлигини исботлаш мумкинми?

 

Жавоб:– Ходим ўз аризаси билан ишдан бўшаганда, суд низолари жуда камдан-кам юз беради. Чунки, биринчидан, ходим ҳақиқатдан ҳам ўз ҳохиши билан ариза ёзиб бўшаган бўлса, унда эътироз бўлмаслиги табиий ҳол. Иккинчидан, аризани иш берувчининг босими билан ёзганда ҳам, судда ютиб чиқишига ишонмаслиги учун ҳам аксарият ходимлар иш берувчи билан низолашиб ўтирмайди. Шунчаки, тақдирга тан бериб қўяқолади.

Аслида ходимнинг ташаббуси билан ишдан бўшатиш ҳолатларида иш ходимнинг даъвоси билан судгача борганида, суд бошқа важлар билан бир қаторда қуйидаги фактларни:

➖ меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилганлиги;

➖ ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берган ёки бермаганлигилиги ҳам диққат билан ўрганади.

Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарорида (15-банди) шулар ҳақида судларга аниқ кўрсатмалар берилган. Бундан келиб чиқиб, суд меҳнат низоларини кўришда ходимнинг ташаббуси билан ишдан бўшатишда ходимнинг истагини ва унинг ташаббусини инкор қилувчи ҳар бир деталга аҳамият бериш керак.

 

Биласиз, Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан:

"ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир” дейилган.

Шу қоидадан келиб чиқиб, доим айтиб келамиз, бу модда билан меҳнат шартномасини бекор қилишда, ташаббус албатта ходимдан чиққан бўлиши керак. Бунинг учун аввал ходимда ишлаб турган ишидан тамомила воз кечиб, ундан бўшаб кетиш истаги туғилиши керак. Айнан истак ўзидан кейинги ташаббуснинг келиб чиқишига замин бўлади.

Бунда истак ҳам, ташаббус ҳам бир шахсда юзага келиши зарур. Агар ишдан бўшаш тўғрисидаги истак дастлаб ходимнинг ўзида эмас, балки иш берувчида туғилган бўлса, демак ташаббус ҳам ходимга тегишли бўлмайди, аксинча иш берувчига тегишли бўлади.

 

Саволга туман адлия бўлими бошлиғи А. Асадов жавоб берди


Ортга қайтиш