/ / / ЗАРМИТАН ҚАТИҒИНИ МИНГ ДАРДГА ДАВО ДЕЙДИЛАР
Янгиликлар

ЗАРМИТАН ҚАТИҒИНИ МИНГ ДАРДГА ДАВО ДЕЙДИЛАР

Янгиликлар
baxriddin
4
1269
ЗАРМИТАН ҚАТИҒИНИ МИНГ ДАРДГА ДАВО ДЕЙДИЛАРЗармитан қатиғининг овозаси бутун Республикага етган десам муболаға бўлмайди. Айтишларича, бир вақтлар Бухоро хони Амир Умархонга Зармитанда тайёрланган қатиқ фойтун орқали етказилар экан. Масофа узоқ бўлишига қарамай, қатиқнинг сифати умуман бузилмас, Амир бу маҳсулотни хуш кўриб тановул қилар экан. Бугун сизга ана шундай мазали қатиқ тайёрлаб рўзғор кам-кўстини тўлдираётган, қолаверса маҳалла, ёинки қўшни маҳалланинг тўй-маъракаларида дастурхонни тўлдираётган инсонлар ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Зармитан маҳалласида анча йиллардан буён қатиқ тайёрлаб, бугунги кунда юзлаб мижозларга эга бўлган хонадон бор. Аҳмедов Саттор ака ва Замира опа хонадонларида тайёрланган қатиқ сифати ва хушхўрлиги билан туманда донг таратган. Айниқса, тўй-маъракаларда бу маҳсулот жуда керак бўлади. Қатиқ тайёрлаш ҳадисини яхши ўзлаштирган Замира Сафаровадан бунинг сирини сўраганимизда, у киши камтаринлик билан:

– Энг асосийси меҳр. Ҳар бир ишга меҳр билан киришсангиз, у албатта, кўнгилдагидек чиқади, – дедилар. – Бир кунда 100-150 коса қатиқ тайёрлаймиз. Мижозлар ўзлари келиб, олиб кетишади. Агар буюртма беришса, етказиб бериш хизмати ҳам бор. Жазирама кунларда бу маҳсулотга эҳтиёж кўп бўлгани боис, савдо жуда яхши кетмоқда. Бухородан ҳам мижозларимиз бор. Ҳар куни 40-50 коса қатиқ олиб кетишади, – деди Саттор ака.

Қатиқни хуш кўриб еймиз-у, аслида уни тайёрлаш осон эмас. Бунча ишга қандай улгурасиз деганимда Замира опа келинига меҳр билан қараб:

– Ана, чаққон келиним бор. Ҳамма ишни бирпасда бажаради. Ўрганса ўзлари учун фойда. Сутнинг қаймо-ғини олмай, яхшилаб қайнатамиз. Қайнаш арафасида уни шопириб бодини чиқариш керак. Агар шопирмасангиз, қатиқ мазали чиқмайди. Сут қўл куяр-куймас даражада илигач, унга қўр солиб ивитамиз. Ивигач косаларни бирин-кетин совутгичга жойлаштирамиз, – деб ўз иши билан таништирди Замира опа.

– Қатиқни ивитгач соатга қараб очамиз. Вақтидан сал ўтиб кетса ҳам бузилиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳушёр туриб, ҳар бир жараённи вақтида бажариш керак. Бу ишни қайнанамдан ўрганганим учун у кишидан миннатдорман. Баъзан дакки эшитган пайтларим ҳам бўлган. Устоз шогирдига ҳунарини уришиб ўргатади-да, – дейди келини Шаҳлохон.

Оилавий тадбиркорлар ўзини-ўзи иш билан банд қилганлардан, уйда ҳеч ким бекор эмас. Қайнана-келин қатиқларни тайёрлашса, қайната – Саттор ака уларни буюртмачиларга "Дамас" русумли автомашина билан етказиб беради. Суҳбатимиз жараёнида Саттор аканинг қўл телефони тинимсиз жирингларди. Мижозлар – ошхона эгалари, тўй қилувчилар буюртма беришмоқчи. Қўли-қўлига тегмай ҳалол меҳнат қилаётган аҳил оилага қараб ҳавас қилдик. "Иш йўқ, менга иш топиб беринг" деб идорама-идора чопиб юрганлар бу ишбилармонлардан ҳунар ўргансалар, уларга эргашсалар мақсадга мувофиқ бўларди...

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

МУЗҚАЙМОҚНИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК?

МУЗҚАЙМОҚНИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШДА НИМАЛАРГА

Янгиликлар / Фукароларга июл 10, 2021
ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТ

ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТ

Янгиликлар / Фукароларга июл 05, 2021
АЖОЙИБ ИШБИЛАРМОН ЁКИ УСТА ШАРОФ МЕҲНАТИ

АЖОЙИБ ИШБИЛАРМОН ЁКИ УСТА ШАРОФ МЕҲНАТИ

Янгиликлар окт 30, 2020