/ / / ЕР – ХАЗИНА, МЕҲНАТ – БОЙЛИК
Янгиликлар

ЕР – ХАЗИНА, МЕҲНАТ – БОЙЛИК

Янгиликлар
baxriddin
1
213

5000 гектар ерни ўзлаштириш туманимиз иқтисодиётини янада юксалтиради.

Юртимизда аҳолини иш билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини тобора яхшилаш, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада ошириш йўли билан иқтисодиётни мустаҳкамлаш мақсадида изчил ишлар олиб бориляпти. Жумладан, туманимиз агросаноат тизимида ҳам.

Туманимизнинг асосан Ўртачўл ва Тошработ, шунингдек, Маликчўл ҳамда қисман Ғоридевон ҳудудида фойдаланишдан чиққан майдонларни 2021 йилда қайта фойдаланишга киритиш мақсадида ўтган йил декабрь ойида Республика ҳукуматининг қарорига асосан туман ҳокимининг қарори қабул қилинган эди. Унинг ижроси қандай бўлади?

Туман қишлоқ хўжалиги бўлими раҳбари Шаҳзод Жумаев билан мулоқот шу ҳақда.

– Сув етишмовчилиги ва бошқа айрим сабабларга кўра анча вақтдан бери туманимиз ҳудудида беш минг гектар ердан фойдаланилмай келинаётган эди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган олимларнинг янги тавсиялари, шунингдек, эрон, Исроил, Туркия сингари давлатларда синовдан ўтган замонавий технология – экинларни томчилаб ва ёмғирлатиб суғориш ўзимизда ҳам қўлланилмоқда. 2019 йил дастлаб "Рустам Душам келажаги" фермер хўжалиги томчилатиб суғоришни амалда синади. 2020 йил эса 17 та фермер хўжалиги бу усулдан фойдаланиб, яхши натижаларга эришди. Жорий йилда томчилатиб суғориш 3250 гектарда қўлланилади.

Ана шу имкониятлар ҳисобга олиниб, 2021 йилда 200 гектарга сабзавот, 400 гектарга полиз, 1500 гектарга озуқа экинлари экилиб, 1150 гектарга мевали боғ, 400 гектарга токзор барпо этилади. Айни вақтда тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, ишсиз ёшларга ер майдонлари ҳоким қарорига асосан тақсимлаб берилмоқда. Улар ўз йўналишларида пағона ва ярим пағона, серҳосил, интенсив (яъни тез ривожланишга мўлжалланган) мевали кўчатлар; узум, қовун-тарвуз, шунингдек, сабзавот экиб, маҳсулот олиш билан шуғулланишади. Бунинг учун ёнғоқнинг маҳаллий хўраки ва "Жанглер" нави; ўрикнинг "Навоий юбилейи" ва "Кўрсодиқ"; нокнинг "Санта мария", "Совға" ва "Клапой" нави; узумнинг "Қора кишмиш", "Оқ кишмиш" ва "Кремсон" нави; шафтолининг "Абелний" ва"Америка" нави; гилоснинг "Напалеон" ва "Қўқон гилоси"; хурмонинг "Шоколад" нави жами ўн турдаги мевали кўчатлар ўтқазилади. Кўчатлар Самарқанддан – Маҳмуд Мирзаев номидаги мевачилик, кўчатчилик илмий текшириш институтидан олиб келинади. Махсус сертификатга эга бу институт билан шартнома тузилган. Март ойи биринчи ўн кунлигида кўчатлар келтирилиб ўтқазилади.

Фойдаланиш учун ер олганларга бошланғич сармоя сифатида банклар томонидан 30 миллион сўмдан таъминотсиз яъни гаровсиз кредит ажратилади. Боғ ва узумзор ташкил қилувчилар учун ҳар гектар майдонга 6 миллион сўмдан давлат томонидан субсидия (қайтариб берилмайдиган маблағ) берилади. 35 гектардан кам бўлмаган майдонга боғ ёки узумзор барпо этувчилар томчилатиб суғориш усулидан фойдаланса, 120 миллион сўм шундай маблағ ажратилади.

Оқар сув бўлмаган ҳудудда деҳқончилик қилаётганлар учун тик қудуқлар ўрнатиш чоралари белгиланган.

Тақсимланган ерларда амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида 1462 нафар фуқаро иш билан таъминланади. Чет элга иш излаб борувчилар кескин камаяди. Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби қондирилади. Мактабгача таълим ташкилотлари, савдо дўконлари, маҳаллалардаги маҳсулот сақлаш жойларида қиш мавсуми учун заҳира яратилади.

Маҳсулот кўпайгач, қайта ишлаш кичик корхоналари ташкил этилади. Табиийки, бу жойларда яна ишчи ўринлари вужудга келади. Қўшилган қиймат занжири эса бюджетга тушумларни кўпайтиришга хизмат қилади. Экспортга маҳсулот жўнатиш ҳажми ҳам ортади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга оид ўхшаш мақолалар

СУВТЕЖАМКОР ТЕХНОЛОГИЯЛАР ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА ДАВРНИНГ ЯНГИЧА ТАЛАБИ

СУВТЕЖАМКОР ТЕХНОЛОГИЯЛАР ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА

Янгиликлар / Тадбиркорларга фев 05, 2021
ТУМАН ҲОКИМИНИНГ 5.10.2020 ЙИЛДАГИ Қ-10/489-СОНЛИ ҚАРОРИ

ТУМАН ҲОКИМИНИНГ 5.10.2020 ЙИЛДАГИ

Хоким карорлари окт 05, 2020
КЎРГАЗМАЛИ СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

КЎРГАЗМАЛИ СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

Янгиликлар дек 09, 2020